Афғонистонда ҳокимият тепасига келган Толибон ҳаракати Хитойни асосий халқаро ҳамкор деб билади, деди ҳаракат вакили Забиулла Мужоҳид. Бу ҳақда “Интерфакс” хабар қилди.

“Хитой – бизнинг асосий ҳамкоримиз, бу биз учун асосий ва ажойиб имкониятдир, чунки у мамлакатимизга сармоя киритишга ва уни қайта қуришга тайёр”, деди у Италиянинг “La Repubblica” газетасига берган интервьюсида.

Мужоҳид Пекиннинг “Бир камар, бир йўл” дастурини юқори баҳолаб, қадимий Ипак йўлини қайта тиклашга хизмат қилишини таъкидлаган.

У, шунингдек, Хитой Афғонистонда тоғ-кон саноати тикланишига ёрдам беришига умид билдирган.

“Бундан ташқари, бизда бой мис конлари бор, улар хитойликлар туфайли қайта ишлаб чиқарилиши ва модернизация қилиниши мумкин”, – деди Толибон вакили.

У Хитойни бутун дунё бозорларига чиқиш учун эшик деб атади.

ХХР Ташқи ишлар вазирлиги вазирнинг ёрдамчиси Ву Тсзянхао Афғонистон Толибон ҳаракати Қатардаги сиёсий идораси директори ўринбосари Абдулла Салам Ҳанафий билан телефон орқали мулоқот қилганини маълум қилди.

Ву Тсзянхао Афғонистондаги вазият тубдан ўзгарганини ва Афғонистон келажаги яна афғон халқи қўлида эканини айтган.

Хитой дипломатининг таъкидлашича, Пекин Афғонистон суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини доимо ҳурмат қилган ва бутун афғон халқига нисбатан дўстона сиёсат олиб борган. У Афғонистон имкон қадар тезроқ тинчлик ва барқарорликка эришади ва ажойиб мамлакатни тиклайди деган умиддалигини айтган.

Толибонлар эса Хитой Афғонистоннинг ишончли дўсти эканини таъкидлашган.

Афғонистон толиблари Афғонистон ва Хитой ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришга содиқ қолишга тайёр ва ҳеч қачон ҳеч қандай куч Афғонистон ҳудудидан Хитой манфаатларига таҳдид солишига йўл қўймайди ва Афғонистондаги хитой институтлари ва ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш учун самарали чоралар кўради”, дея таъкидлаган Толибон вакили.

Ташқи ишлар вазири Ҳанафийнинг айтишича, афғон расмийлари Афғонистон ва минтақанинг ривожланиши ва гуллаб-яшнашига ҳисса қўшадиган Хитойнинг “Бир макон ва бир йўл” дастурини қўллаб-қувватлайди ва улар билан ҳамкорлик қилишга тайёр.