Толибонлар билан тўқнашувларда электр узатиш миноралари вайрон бўлгани сабабли Панжшир вилояти ва Каписа вилоятининг бир қисми электрсиз қолди. Бу ҳақда маҳаллий “DABS” энергетика компаниясига таяниб, “РИА Новости” хабар берди.

“Панжшир провинциясига борадиган йўлда давом этаётган тўқнашувлар натижасида, артиллерия ўқидан иккита электр узатиш минораси вайрон бўлган”, — дейилади компания хабарида.

Қайд этилишича, “DABS” вакиллари бунинг учун тегишли шароитлар яратилгач, вилоятда электр таъминотини тиклаш ишларини бошлайди.

Аввалроқ Толибон жангариларининг Панжшир водийсидаги тунги ҳужуми муваффақиятсиз бўлгани маълум қилинганди. “Sputnik” Афғонистондаги манбаларга кўра, толиблар водийга учта йўналишда ҳужум қилишган: Шотол вилоятида, шунингдек Хавак ва Анжуман довонларида, лекин уларнинг ҳеч бирида муваффақият қозонишмаган. Эрталабгача Қаршилик фронти жангчилари террорчилар қўлга киритган бир неча позицияларни қайтариб олишди.