Россиянинг “Зенит” клуби ва Эрон терма жамоаси ҳужумчиси Сардор Азмун ўз трансфери ҳақидаги миш-мишларга изоҳ берар экан, топ-5 чемпионатнинг бир-неча клубларидан таклиф бўлгани ҳақида гапириб ўтди.

“Қаергадир кетиш ҳақида ҳеч қачон гапирмаганман. ОАВда менинг тиббий кўрикдан ўтаётганим ҳақида ёзишди ва қайсидир жамоа билан ҳамма нарсани келишиб олган эмишман. “Зенит” мен учун келган таклифларни ўша куниёқ рад этади, “Лион” орасида ҳам шундай бўлди.

Менинг амалдаги шартномам бор. Агар мен кетишни истаган тақдирда ҳам клуб бу фикрни маъқулламайди. Месси ва Роналду ҳам шундай, улар ҳам ўз жамоасини тарк эта олишмайди. Аммо ОАВ мен ва бошқа футболчиларни ҳар хил жамоага ўтказиши одатий ҳолга айланиб қолди.

Мен ҳеч нарса жея олмайман. Тўғрисини айтганда бундай хабарлардан чарчадим. Ҳар куни мени қайсидир жамоага ўтказасизлар. Илтимос бундай ишларни тўхтатинг. Агар қандайдир янгилик бўлса, албатта ўзим сизларга айтаман.

Менга “Лион”, “Рома”, “Байер” ва “Тоттенхэм” клубларидан таклиф тушди. Бўлди шу холос. Барча таклифлар рад этилди, бу йил мен ҳеч қаерга кетмайман. Агар қаергадир кетадиган бўлсам, шартномамни якунлаб, эркин агент сифатида кетаман”, – дейди эронлик футболчи.

Эслатиб ўтамиз, 26 ёшли Сардор Азмуннинг “Зенит” билан амалдаги шартномаси 2022 йилгача мўлжалланган.