Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда бўлиб ўтган Ислом тараққиёт банки Бошқарув кенгашининг 46 йиллик анжуманида мамлакатнинг ташқи сиёсати ҳақида гапирди. Бу ҳақда “Daryo.uz” нашри хабар бермоқда.

Шавкат Мирзиёев янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши — Марказий Осиё минтақасида дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда бу маконда фаровонлик, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш эканлигини маълум қилди.

Бу борада, биз, биринчи галда, Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо алоқаларини кенгайтириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, сув ва энергетика ресурсларидан биргаликда фойдаланиш масалаларига катта аҳамият қаратяпмиз.

Иккинчидан, тарихдан маълумки, минтақамиз Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўлкаларини боғлаган муҳим ҳудуд сифатида танилган. Бу борада Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг ўзаро боғлиқлигини кучайтириш, айниқса, янги транспорт коридорларини ривожлантириш орқали ушбу минтақалардаги иқтисодий ўсиш ҳамда аҳолининг ҳаёт даражасини оширишни мақсад қилиб олганмиз.

Учинчидан, Афғонистонда сиёсий барқарорликни ўрнатиш ва иқтисодиётни тиклаш — минтақавий хавфсизлик ва тараққиётнинг ишончли омилидир. Ўзбекистон доимо бу мамлакатдаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори бўлиб келган. Ва ҳозирги мураккаб шароитда ҳам жафокаш афғон халқига қўлимиздан келган барча зарур ёрдамни кўрсатиб келмоқдамиз”, — дейди президент.

Эслатиб  ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев “Толибон” ҳаракати ҳақида фикр билдирган эди.