4-11 сентябрь кунлари Россиянинг Қозон шаҳрида илк маротаба биринчи Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ўйинлари бўлиб ўтади.

Мусобақа спортнинг 16 тури бўйича ташкил этилади. Унда минтақанинг 10 давлатидан 1 500 нафарга яқин спортчи, 400 нафарга яқин ҳакам ва 100 нафарга яқин бошқа спорт соҳаси мутахассислари қатнашади.

Таъбир жоиз бўлса айтиш керакки, “кичик олимпиада” баҳсларида МДҲ мамлакатлари спортчилари 182 та медаллар жамланмаси учун баҳслашади.

Кеча Ўзбекистон спорт делегацияси аъзолари Россияга жўнаб кетишди. Делегация таркибидан Туризм ва спорт вазирлиги ва Миллий Олимпия қўмитаси масъул ходимлари, спортнинг бокс, эркин ва юнон-рум кураши бўйича терма жамоа аъзолари, умумий ҳисобда 70 нафардан ортиқ киши ўрин олганди.

Ўзбекистон спорт делегациясини кузатиш маросимида Туризм ва спорт вазири ўринбосари Авазжон Каримов ҳам иштирок этди ва у спортчиларимизга омад тилади.

Кеча тунда Қозонга етиб борган вакиллар мазкур спорт ўйинлари учун барпо этилган Олимпия шаҳарчасига жойлашишди.

Ўзбекистон спорт делегациясининг иккинчи қисми 3 сентябрь куни, якуний қисми эса 6-7 сентябрь кунлари Россияга жўнаб кетади.