Интернет тармоғида устунларга ўрнатилган давлат байроғини ўзбошимчалик билан ечиб олиб, машиналарига ўрнатаётган шахсларга нисбатан ички ишлар органлари ходимлари чора кўраётганлиги акс этган видеолар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан пойтахт ИИББ матбуот хизмати изоҳ берди.

Маълум бўлишича, шу йилнинг 1 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг бир нечта туманларида транспорт воситаларининг ҳайдовчилари ва йўловчилари байрам муносабати билан Ҳокимият томонидан ўрнатилган давлат байроқларини ўзбошимчалик билан ечиб олишган. Улар ушбу байроқларни ўзларининг автомашинасига ўрнатиб байрамни нишонламоқчи бўлишган.

Бироқ байроқлар транспорт воситасига мустаҳкамлаб ўрнатилмаган, транспорт воситасидан ташқарига чиқиб туриши эса автомашинада ҳаракатланиш чоғида ноқулайликлар туғдириб, ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солган. Шунингдек ушбу ҳолатлар фуқаролар томонидан давлат рамзлари ва давлат мулки тўғрисидаги қонун талабларини бузилишига олиб келган.

Бу каби ҳуқуқбузарликларни содир этган шахслар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 203-1-моддасига кўра («Давлат рамзлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш») маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.