Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ЛДПР раҳбари Владимир Жириновский Ўзбекистон Россия таркибига губерния сифатида киритилиши керак деган даъвосига жавоб қайтарди.

Россиядаги ЛДПР раҳбари Владимир Жириновский “Толибон” баҳонасида Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон Россия таркибига губерния сифатида киритилиши керак, деган даъво билан чиқибди. Шу жойига битта қўпол гап келдику… майли.

Ушбу шахснинг шовинистик ва ҳақорат рухидаги даъволари афсуски биринчи марта эмас. Менимча ҳали бундай гапларни яна кўп эшитамиз. Лекин ит ҳурар карвон ўтар, деган гап бор.

Бир нарса аниқ: Марказий Осиёда жойлашган Ўзбекистонга нисбатан турли таҳдидлар кўп бўлган ва барчаси ўз вақтида  бартараф этилган.

Ўзбекистон Қуролли кучлари профессионал даражада ва айни вақтда ҳар қандай таҳдидни бартараф эта олиш имкониятига эга. Бу масалада давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам бир неча бор Ўзбекистон халқига мурожаат қилиб таъкидлаб ўтди.

Шу боис, Россиядаги ЛДПР раҳбари, сиёсатчи В.Жириновскийнинг билдираётган фикрлари давлатлараро икки томонлама тенг муносабатлардан йироқ, нохолис ва ҳақоратлидир. Биз сиёсатчиларнинг бошқа халқ ва мамлакатларга нисбатан муносабатлари тенглик, ҳурмат ва холисликка асосланиши, керак, деб ҳисоблаймиз. Ҳеч кимга бутун бир халқ ва  мамлакатни камситишга ҳуқуқ берилмаган. Ўзбекистон ўзининг ривожланиш йўлига эга мустақил, суверен мамлакат ва шундай бўлиб қолади“, – деб ёзди Расул Кушербаев.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, “Миллий тикланиш” партиясидан президентликка номзоди тасдиқланган Алишер Қодиров Жириновскийга санкция эълон қилишни таклиф қилган эди.

Уинстон Черчилл “… аккиллаган лайчаларнинг ҳаммасига тош отаверсанг, манзилингга етиб боришинг қийинлашади”, деганида Жириновскийга ўхшаганларни назарда тутган бўлса керак.

Черчиллнинг доно ўгитига қулоқ тутиб, бу шахснинг сўзларига эътибор бермасдан ўтиб кетиш тўғри бўлар эди, лекин қисқача фикримни билдириб қўйиш зарар қилмайди, деб ўйладим:

Биринчидан, Жириновскийнинг бу баёнотлари, ҳатто норасмий бўлса ҳам, Россиянинг халқаро обрўсига зарар беради. Россиянинг кам сонли ҳамкор мамлакатлари учун ҳам, ривожланган дунё каби, Россия босқинчи ва иккиюзламачи давлат дея хавотирланишларига йўл очади;

Иккинчидан, бугунги Россия Рус империясини тиклаш, бошқа ҳудудларни қўшиб олиш хақида эмас, тарқалиб кетмаслик хақида кўпроқ бош қотираяпти. Шу сабабли, Жириновскийнинг бундай алжирашларига рус расмий доиралари биринчи бўлиб муносабат билдиришлари керак, деб ўйлайман;

Учинчидан, сўнгги вақтларда Россиядаги расмий доиралар Марказий Осиёда маҳаллий русларга ҳурматсизлик қилинаётгани сабаб алоҳида субъектларга санкциялар қўллашмоқда.

Лекин бошқа миллатларга ҳурматсизлик қилаётган ўз расмийларига нисбатан овоз ҳам чиқармаяптилар. Бу иккиюзламачилик эмасми?

Марказий Осиёда яшаётган рус ватандошларимизнинг маҳаллий аҳоли билан муносабати бузилишига айнан шу каби калтабин баёнотлар сабаб бўлмоқда.

Менимча, биз ҳам мамлакатимизга ҳурматсизлик қилганлар учун санкциялар жорий қилиш хақида ўйлаб кўришимиз керак”, – деб ёзди Алишер Қодиров.