Тошкент шаҳрида 2 сентябрь, пайшанба куни бўлиб ўтган Ислом тараққиёт банки бошқарув кенгашининг 46 йиллик анжуманида Президент Шавкат Мирзиёев банк фаолиятига тааллуқли қатор таклифларни айтди.

Бугунги кунда дунё мамлакатлари иқлим ўзгариши, йирик миграцион жараёнлар, табиий, энергетика ва озиқ-овқат ресурсларининг етишмовчилиги каби жиддий синовларга дуч келмоқда. Бу хавф-хатарларни самарали енгиш учун банкнинг аъзо мамлакатлари инновация ва технологияларни ривожлантириш ва жорий қилиш масалаларида кенг қамровли ҳамкорлик ўрнатиши лозим.

Биз Ислом тараққиёт банкининг ушбу жараёнларга тўлақонли етакчилик қилиш салоҳиятига ишонамиз. Шундан келиб чиқиб, банкимиз фаолиятини қуйидаги йўналишлар бўйича такомиллаштириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, ‘Ғарбий Африкадан Шарқий Осиёгача — яшил коридор’ номли савдо-иқтисодий маконни шакллантириш концепциясини ишлаб чиқишни таклиф этамиз. Айниқса, бу пандемия даврида ғоят катта аҳамиятга эга. Концепциянинг рўёбга чиқарилиши ўзаро савдо ва сармоявий алоқаларни кенгайтиришга, мамлакатларимизнинг барқарор ўсишига ва иқтисодий жиҳатдан бирлашишига хизмат қилади.

Иккинчидан, Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси ҳамда Инвестициялар ва экспорт кредитларини суғурталаш ислом корпорацияси томонидан молиявий инструментларни кенгайтириш лозим. Бу саъй-ҳаракатимиз эркин савдони рағбатлантириш, инвестициявий хатарларни суғурталаш, транспорт ва логистика инфратузилмаларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшади.

Учинчидан, ‘пост-ковид’ даврида аъзо мамлакатлар иқтисодиётлари ривожланишига инновацион тус бериш жуда муҳим масаладир.

Жумладан, Ислом тараққиёт банкининг фан, технология ва инновациялар жамғармасининг салоҳияти ва имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш; қишлоқ хўжалигига илғор ишланмаларни жорий қилиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш; қайта тикланадиган энергия ва экологик технологияларнинг қўлланишини кенгайтириш асосида ‘яшил иқтисодиёт’ни ривожлантириш айниқса долзарбдир.

Тўртинчидан, минтақавий аҳамиятга эга инвестицион ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришни кенгайтириш даркор. Биз бу билан мамлакатларимизнинг ўзаро боғлиқлигини янада мустаҳкамлашга эришамиз.

Бешинчидан, янги йўналишларни молиялаштириш мақсадида, аъзо мамлакатлар томонидан Ислом тараққиёт банки капиталини ошириш бўйича аввал қабул қилинган қарор ижросини тезкор равишда таъминлашимиз зарур“, — деди Президент.