“Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўртасида таълим жараёни ҳамда тармоқ ташкилотлари билан ишлаб чиқариш амалиёти узвийлигини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақида Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Қарорга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан:

олий таълим муассасалари ҳузурида 24 та техникум ташкил этилади;

турдош ОТМ ҳамда асосий йўналишлари бўйича тармоқ ташкилотларига 213 та техникум бириктирилади;

Тошкент давлат педагогика университети ҳузуридаги Жиззах хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми тугатилиб, унинг барча мол-мулки ТАТУ ҳузуридаги Жиззах ахборот технологиялари техникумига ўтказилади;

техникумлар ва академик лицейларда малака талаблари, ўқув режа ва дастурлар, ўқув-меъёрий ҳужжатлар таянч ОТМ томонидан ишлаб чиқилади ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади;

ОТМлар ўзларига бириктирилган техникумларни ўқув-методик ҳужжатлар билан таъминлайди.

Шунингдек, қарорга мувофиқ 2022/2023 ўқув йилидан   қуйидагиларни амалга ошириш назарда тутилган:

техникумларга қабул параметрларини шакллантиришда  қурилиш, транспорт, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, хизмат кўрсатиш ва ахборот технологиялари каби соҳаларда ўрта бўғин кадрларини тайёрлашнинг давлат буюртмасини босқичма-босқич кўпайтириш;

ОТМга ўқишга кирмаган мактабларнинг 11-синф битирувчиларини техникумлар ва коллежларда биринчи касб ёки мутахассисликлар бўйича бепул ўқитиш.