Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари ва президенликка номзоди тасдиқланган Мақсуда Ворисова Давлат тест марказига мурожаат йўллади.

Аслида натижалар тест тугаган кундан бошлаб, бир ҳафта муддатда чиқиши шарт. Ҳаётимизнинг бир соҳасига рақамлаштириш кириб келган, имтиҳон саволларининг жавоблари тўғрилигини компьютер текшираётган вақтда натижаларни чўзиш кимга керак бўлиб қолди.

Ижтимоий тармоқларда “адолатсизлик қачон барҳам топади”, қабилидаги саволлар бежиз илгари сурилаётгани йўқ.

Тўғри, абитуриент қанча балл олганини қисқа муддатда билиб олаяпти, аммо мандатни эълон қилишга, наҳотки, бир ойга яқин вақт кетса? 

Бизнингча, ҳамма соҳа рақамлаштирилган даврда “баҳона излаш” бефойда. Ҳеч бўлмаганда Давлат тест маркази мутасаддилари халқ олдида ҳисобдорлигини англаб, ўз ҳаракатларига вақтида изоҳ беришлари керак.

Аҳоли, айниқса умидвор ёшларнинг талабига жавоб бера олмайдиган Давлат тест маркази фаолиятини бутунлай қайтадан кўриб чиқиш керак.

Инсон катта ҳаётга таълим орқали кириб келади, олий таълимдаги адолатсизлик ёшлар қалбида жамиятга, ўз келажагига ишончсизлик билан қарашга сабаб бўлади.

Таълимда аҳолининг барча қатламларига тенг имкониятлар яратиш мақсадида олий ўқув юртларига киришдаги имтиёзлар тизимини жиддий ислоҳ этиш зарур.

Имтиёзлар фақат республика ва халқаро фан олимпиадалари ғолиблари, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун (махсус шартлар асосида, ўз йўналишлари бўйича) қолдирилса, мантиқан тўғри бўлади. Қолган барча абитуриентлар соғлом рақобат муҳитида, адолат мезони бўйича сараланиши даркор.

Тўлов-контракт миқдорини белгилашда ҳам аҳолининг реал даромадларини ҳисобга олиш адолатдан бўлар эди”, – дейди Мақсуда Ворисова.