Apple янги дизайндаги носозликлар туфайли янгиланган Apple Watch 7 ақлли соатларини чиқаришни кейинга қолдирди. Япониялик Никкеининг сўзларига кўра, янги буюм учун зарур бўлган компонентлар сифатсиз бўлган.

Гаджет ишлаб чиқарувчилари соатларни йиғишни бир ҳафта олдин бошладилар, лекин қурилмаларнинг сифати Apple талаб қилгандан кўра ёмонроқ бўлиб чиқди. Учта манба янги Apple Watch билан боғлиқ муаммоларнинг сабаби сифатида дизайннинг мураккаблигини кўрсатди. Янгилик аввалгиларидан тубдан фарқ қилади.

Суҳбатдошларнинг таъкидлашича, корхона ходимлари электрон модуллар, бутловчи қисмлар ва соат дисплейларини йиғишда муаммоларга дуч келишган. Пандемия туфайли, Apple вакиллари қурилмалардаги янгиликларни текшириш учун етарли даражада вақт сарфлай олишмади, бу эса табиийки синов жараёнини қийинлаштирарди.

Ҳозирда янги соатнинг йиғилиши тўхтатилган. Apple ва унинг етказиб берувчилари янги маҳсулотларни оммавий ишлаб чиқаришдан олдин муаммони ҳал қилишга уринмоқдалар.

Янги соат шу сентябрь ойида янги iPhone`лар билан бирга тақдим этилиши кутилган эди. Вужудга келган қийинчиликлар туфайли компания бундай режадан воз кечиши мумкин. Манбаларга кўра, смартфонлар 17 сентябрдан сотила бошланади.