1 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, суҳбат аввалида Туркия раҳбари давлатимиз раҳбари ва Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқини юртимиз мустақиллигининг 30-йиллиги билан самимий қутлади. Дўст Туркия халқи номидан Ўзбекистонга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилакларини изҳор этган

Президентлар икки томонлама ҳамкорлик кун тартиби юзасидан фикр алмашдилар.

Жорий йил бошидан ўзаро савдо кўрсаткичлари икки баробар ўсгани ва 240 дан ортиқ қўшма корхона ташкил этилгани мамнуният билан қайд этилди.

Мамлакатлар етакчи компанияларининг кооперацияси кучайиб бормоқда, жумладан, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, туризм ва бошқа соҳаларда муҳим инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Қўшма таълим ва маданий-гуманитар дастурлар муваффақиятли жорий қилинмоқда. Хусусан, шу йилнинг август ойида туркиялик етакчи мутахассислар Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги архитектура-қурилиш институтларига раҳбар бўлдилар.

Етакчилар бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини, шу жумладан Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик масалаларини кўриб чиқдилар.

Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий аҳвол кескинлашиши таъсирида минтақадаги вазиятнинг ривожланишига алоҳида эътибор қаратилди.

Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари юзасидан алоқалар ва кўп томонлама мулоқотни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.