31 августдан 1 сентябрга ўтар кечаси Европада трансфер ойнаси ёпилди, Россияда у яна бир ҳафта – 7 сентябргача очиқ бўлади. Қуйида трансфер бозорининг сўнгги кунида бўлиб ўтган энг машҳур битимлар ҳақида гапирамиз.

Гризманн — яна “Атлетико” шарафини ҳимоя қилади

Франциялик ҳужумчи Антуан Гризманн “Атлетико”га қайтди – бу ҳақида “матрасчилар”нинг твиттердаги саҳифасида расман эълон қилинган. Олдинроқ ОАВ Гризманн бир йил “Атлетико”да ижарада ўйнаши ҳақида маълум қилганди. Мадридликлар бунинг учун 10 миллион евро тўлашади.

Шунингдек, келишувда ижара муддати охирида 40 миллион евро эвазига тўлиқ сотиб олиш варианти ҳам мавжуд. Бошқа бир манбага кўра, “Атлетико” келаси ёзда француз учун каталонияликларга 55 миллион евро тўлашади.

“Реал” Камавинга ўз сафига қўшиб олди

Мадридниг “Реал” клуби “Ренн” футболчиси Эдуардо Камавингани ўз сафига қўшиб олганини эълон қилди.  Transfermarkt маълумотларги таянсак, 18 ёшли билан футболчи билан имзоланган шартнома 2027 йилгача мўлжалланган, трансфер суммаси эса 31 миллион еврони ташкил этди.

“Тоттенхэм” “Барселона” ҳимоячисини харид қилди

“Тоттенхэм” матбуот хизмати “Барселона”нинг бразилиялик ҳимоячиси Эмерсон Ройал трансфери борасида эълон қилди. Томонлар келишувни 25 миллион евро эвазига имзолашган, Эмерсон 2026 йилгача “шпорлар” сафини ҳимоя қилиши кўзда тутилган.

Бразилиялик футболчи охирги икки йил давомида ижара асосида “Бетис” шарафини ҳимоя қилган эди. Жорий мавсум эса каталонияликлар сафида “Хетафе”га қарши учрашувда асосий таркибда майдонга туширилди.

“Барселона”да яна бир де Йонг

“Барселона” Гризманнинг ўрнини “Севилья” ҳужумчиси Люк де Йонг билан тўлдирди. Sport.es хабарига кўра, каталонияликлар 31 ёшли голландиялик форвардни текинга ижарага олишди. Де Йонгнинг “Севиля”дан оладиган маоши эса «Барса» томонидан тўлиқ тўланади.

Бельерин “Бетис”га ўтди

Испаниянинг “Бетис” клуби “Арсенал” ҳимоячиси Эктор Беллерин трансферини эълон қилди. Ижара шартномаси 2021/22 йилги мавсумнинг қолган қисми учун сотиб олиш ҳуқуқи ва мажбуриятисиз тузилган. Ўтган мавсум 26 ёшли футболчи “Арсенал” сафида барча турнирларда 35та учрашувда майдонга тушди ва 1та гол уриб, 4та голга ассистентлик қилди.

Шунингдек, “Арсенал” яна икки нафар футболчисини ижарага берди: дарвозабон Алекс Рунарссон Бельгиянинг “Ауд-Хеверле Левен” клубига, вингер Рис Нельсон эса “Фейеноорд”га йўл олди.

“Арсенал” “Болонья” ҳимоячисини ўз таркибига қўшиб олди

Лондонликлар Бельеринга ўринбосар сифатида “Болонья” ҳимоячиси Такехиро Томиясу билан шартнома имзолашди. Трансфер суссаси 18 миллион еврони ташкил этади. 22 ёшли япониялик футболчи “канонирлар” билан узоқ йиллик шартнома имзолагани айтилмоқда, аммо аниқ саналар кўрсатилмаган.

Сауль — “Челси”да!

“Атлетико” яримҳимоячиси Сауль Ньигес “Челси” сафига йўл олди: 26 ёшли футболчи Томас Тухель жамоаси шарафини бир йил давомида ижара асосида ҳимоя қилади. Лондонликлар Сауль ижараси учун 4 миллион евро тўлашади. Келишув охирида эса 35 миллион евро эвазига харид қилишлари мумкин.

Саломон Рондон АПЛга қайтди

“Зенита” ҳамда “Рубин” клублари собиқ ҳужумчиси Саломон Рондон “Эвертон” билан кейинчалик яна узайтириш имконияти билан икки йиллик шартнома имзолади. Эквадорлик футболчи бош мураббий Рафаэл Бенитес билан яна ҳамкорликни тиклади: улар олдин “Нюкасл” ва Хитойнинг “Далянь Профешнл” жамоаларида бирга ишлаган.

Фалькао Мадридда

“Галатасарой” ҳужумчиси Радамель Фалькао Испания чемпионатига қайтди: 35 ёшли форвард “Райо Вальекано” шарафини ҳимоя қилади. У мадридликлар билан 1 йиллик шартнома имзолади ва бу яна бир йилга узайтирилиши ҳам мумкин. “Галатасарой” колумбиялик футболчига ишонч билдирмагани сабабли у билан шартномани бекор қилди.

 

Перспектив ёш футболчи “Барса”ни тарк этиб, “Лейпциг”ни танлади

“Барселона” яримҳимоячиси Илайш Мориба “РБ Лейпциг”га кўчиб ўтди. Каталонияликлар матбуот хизмати хабарига кўра, германияликлар 18 ёшли футболчи трансфери учун 16 миллион евро + 6 миллион евро бонус тўлашди. Шунингдек, “Барса” Илайшнинг кейинги трансферидан 10 фоиз улуш олади.

Футболчи каталонияликлар билан янги шартнома борасида келиша олмаганлиги сабабли жамоани тарк этди, маълум бўлишича, ёш футболчи жамоадан катта маблағ талаб қилган. Мориба асосий жамоа сафида ўтган мавсум дебют қилиб, барча турнирларда 18та ўйин ўтказишга муваффақ бўлди.