Самарқанд вилояти Булунғур тумани “Булунғур буюм савдо комплекси” МЧЖда куни кеча, 31 август куни, катта ёнғин содир бўлди. Йигирмата савдо объектлари ёниб кетди, дея хабар бермоқда Sputnik. Ҳозирда ёнғин бартараф этилган.

Телеграм каналларидан бирида тарқалган видеода олов икки қаватли бинони қуршаб олганини, ҳодисани телефонига суратга олаётган одамлар “ҳозир газ баллон портлаши мумкин”лиги боис узоқроқ туриш кераклиги ҳақида гапиришаётгани акс этган.

Бинонинг ёниши 31 август куни соат 23:16да бошланган. “Булунғур буюм савдо комплекс” МЧЖга қарашли икки қаватли савдо дўконлари ёнаётгани тўғрисида Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган. Ушбу ҳолат бўйича ёнғин жойига 10та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган.

Воқеа жойига шунингдек, Самарқанд вилояти ФВБ бошлиғи ва Булунғур тумани ФВБ бошлиғи вазифасини бажарувчилар етиб боришган. Ёнғин соат 01:26 батамом ўчирилган. Ҳодиса электр симининг қисқа туташуви оқибатида келиб чиққани тахмин қилинмоқда.

Ёнғин оқибатида 20та дўкон, 6та тикув хонаси, 2та ошхона, 5та озиқ-овқат дўкони, 7та буюм дўкони – тахминан 680 квадрат метр зарарланиб, 1200 квадрат метри сақланиб қолгани айтилмоқда.

Тикув хоналарининг бирида тикувчилик қилган аёлнинг маълум қилишича, ёнғин ҳақида соат 12ларда хабар топган. Ҳодиса жойига етиб келганида, биринчи қаватдаги дўконлар эгалари жонҳолатда ўз товарларини ёнғин қуршаб олган бинодан олиб чиқишга уриниб, ўт ўчириш машиналари юрадиган йўлакларни чиқарилаётган товарлар билан тўсиб қўйганликларига гувоҳ бўлган.

Дўконларнинг аксариятидан товарларни қутқаришнинг иложи бўлмаган.

Шунингдек, ярим тунда, дўконлар эгалари ўз товарларини қутқариш билан овора бўлган бир вақтда, ёнғинни томоша қилишга келганларнинг айримлари чиқарилаётган товарларни ўғирлаш, ёки шу жойнинг ўзида кўчага чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларини тортинмасдан олиб паққос тушириш билан банд бўлганлар.

Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ. Ёнғининг келиб чиқиш сабаби ва етказилган моддий зарар аниқланмоқда. Ушбу ходиса юзасидан терговга қадар текширув ишлари давом этмоқда.