“Миллий Тикланиш” партиясидан президентликка номзод сифатида тасдиқланган Алишер Қодиров ўзининг Telegram каналида ЛДПР раҳбари Владимир Жириновскийга санкция эълон қилиш кераклигини маълум қилди.

“Уинстон Черчилл “… аккиллаган лайчаларнинг ҳаммасига тош отаверсанг, манзилингга етиб боришинг қийинлашади”, деганида Жириновскийга ўхшаганларни назарда тутган бўлса керак.

Черчиллнинг доно ўгитига қулоқ тутиб, бу шахснинг сўзларига эътибор бермасдан ўтиб кетиш тўғри бўлар эди, лекин қисқача фикримни билдириб қўйиш зарар қилмайди, деб ўйладим:

Биринчидан, Жириновскийнинг бу баёнотлари, ҳатто норасмий бўлса ҳам, Россиянинг халқаро обрўсига зарар беради. Россиянинг кам сонли ҳамкор мамлакатлари учун ҳам, ривожланган дунё каби, Россия босқинчи ва иккиюзламачи давлат дея хавотирланишларига йўл очади;

Иккинчидан, бугунги Россия Рус империясини тиклаш, бошқа ҳудудларни қўшиб олиш хақида эмас, тарқалиб кетмаслик хақида кўпроқ бош қотираяпти. Шу сабабли, Жириновскийнинг бундай алжирашларига рус расмий доиралари биринчи бўлиб муносабат билдиришлари керак, деб ўйлайман;

Учинчидан, сўнгги вақтларда Россиядаги расмий доиралар Марказий Осиёда маҳаллий русларга ҳурматсизлик қилинаётгани сабаб алоҳида субъектларга санкциялар қўллашмоқда.

Лекин бошқа миллатларга ҳурматсизлик қилаётган ўз расмийларига нисбатан овоз ҳам чиқармаяптилар. Бу иккиюзламачилик эмасми?

Марказий Осиёда яшаётган рус ватандошларимизнинг маҳаллий аҳоли билан муносабати бузилишига айнан шу каби калтабин баёнотлар сабаб бўлмоқда.

Менимча, биз ҳам мамлакатимизга ҳурматсизлик қилганлар учун санкциялар жорий қилиш хақида ўйлаб кўришимиз керак”, – деб ёзди Алишер Қодиров.