Ўзбекистонда сўнгги саккиз ой ичида қасддан баданга енгил шикаст етказган 47 нафар фуқаро қамалди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Абидов маълум қилди.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида Ўзбекистонда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан қасддан баданга енгил шикаст етказишда айбланган 1 686 нафар шахсга нисбатан 1 508та жиноят иши кўриб чиқилди.

Шундан 714 нафарига нисбатан айблов ҳукми, 4 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган. 954 нафар шахсга тааллуқли жиноят ишлари эса тарафлар ярашганлиги муносабати тугатилган. 6та жиноят иши бўйича 6 нафар шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган.

Жазо тайинлаб, ҳукм чиқарилган 689 нафар шахснинг 107 нафарига жарима, 333 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 198 нафарига озодликни чеклаш, 47 нафарига озодликдан маҳрум қилиш ва 4 нафарига бошқа жазо турлари тайинланган.