Толибоннинг олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода Қандаҳордалиги маълум қилинди. Унинг қаердалиги ташкилот ичида ошкор қилинди, деб ёзади “Синьхуа” ахборот агентлигига таяниб “газета.ru”.

“У тез орада омма олдида пайдо бўлади”, – дейилади нашр хабарида Толибон матбуот котиби Билол Каримийнинг сўзларидан иқтибос келтирган ҳолда.

Охундзода Афғонистон жанубидаги Қандаҳор вилоятида бўлиб ўтаётган янги ҳукумат тўғрисидаги музокараларда иштирок этмоқда, дея хабар бермоқда Ал Жазира ўз манбаларига таяниб.

Унга кўра, Афғонистоннинг етакчи сиёсатчилари, қабила ва турли этник гуруҳ раҳбарлари билан янги ҳукумат бўйича маслаҳатлашув ўтказилмоқда. Хабар қилинишича, маслаҳатлашувда Охундзодадан ташқари унинг ўринбосарлари, жумладан, Толибон сиёсий раҳбари Мулла Абдул Ғани Барадар ҳозир бўлган.

Маълумот ўрнида, Қандаҳор Афғонистон жанубида жойлашган. Илгари, бу шаҳар афғон толибларининг таянч лагери бўлган. 2016 йилда ташкилот Охунзада АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари ҳужумида ҳалок бўлган Ахтар Муҳаммад Мансур ўрнига янги раҳбар бўлишини эълон қилди.

Аввалроқ, Толибон АҚШ қўшинлари у ердан олиб чиқилганидан сўнг, Афғонистоннинг тўлиқ мустақиллигини эълон қилган эди.