Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги таҳлилчи Анвар Назирнинг Афғонистон ҳудуди мактаб дастуридан ўзбек тили олиб ташланганлиги ҳақида берган хабарига муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, Анвар Назир Афғонистонда Амир Темур, Шайбонийхон, Бобораҳим Машраб, Маҳмуд Ғазнавий, Абу Райҳон Беруний меросининг ўрганилиши ҳамда навоийшуносликнинг ҳам таъқиқлангани ҳақида хулоса қилган.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг “Толибон” Ҳаракати расмий раҳбарияти билан бўлиб ўтган суҳбати чоғида ушбу ахборотнинг ҳақиқатга зидлиги таъкидланган.

“Толибон” вакили ўзбек тили, пушту ва дари тиллари билан бир қаторда, бундан буён ҳам Афғонистоннинг расмий тилларидан бири бўлиб қолишини тасдиқлади.

Ўзбек тилини ўрганиш ва ривожлантиришга, толиблар расмий вакилининг маълумотига кўра, мамлакат янги раҳбарияти алоҳида эътибор қаратади.

Баъзи билимсиз “таҳлилчи” ва журналистларнинг шубҳали шов-шувлар ва “қайноқ факт”лар илинжида очиқдан очиқ бузиб кўрсатилган ва ёлғон ахборотларни тарқатаётгани эса афсусланарли ҳолатдир”, – дейилади муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон-Афғонистон чегараси тўлиқ ёпилганлигини ва қочоқлар қабул қилинмаслигини маълум қилди.