Бугунги кунда ўринсиз мадҳ қилиш ҳамда лаганбардорлик шу даражада авж олдики, маддоҳларнинг кўп ҳолларда иши юришиб, ўз фойдасини кўзлаб, юқори амалдорларни  кўкларга кўтариш билан банд бўлмоқда. Ҳақиқий муносиблар бир четда қолиб, улуғловчиларнинг, кўксини орден-медаллар безамоқда. Энсклопедия ва адабиётларда маддоҳликка қуйидагича таъриф берилган:

Маддоҳлик (арабча мадҳ — мақтов, таъриф) — мусулмон халқларида тарқалган анъанавий айтим йўлларидан. Мавзу жиҳатидан асосан Муҳаммад (сав), Ҳазрати Алининг ҳаёти, кўрган кечирганлари, юриш-туриш ва феъл атворлари ҳақида бадиҳа тарзида яратилган диний байт, ғазал, ҳикоятлардан иборат бўлган.

Ўрта Осиёда кенг тарқалган диний айтим йўллардан бўлиб, Бухоро шаҳри ва унинг атрофида  ижрочилик мактаблари машҳур бўлган (ҳатто 20 асрнинг 1 чорагида маҳалланинг номи “Маддоҳ” деб аталган). Бугунги кунда маддоҳликка бирор шахсни, ғоя, мафкура, тартиботни ўринсиз тарзда ўта мақташ сифатида қаралади.

Мадҳ қилувчидаги офатлар қуйидагилар:

  1. Мадҳда ҳаддан ошиб ёлғон қўшиб юбориш;
  2. Мадҳга риёкорликни арашлаштириш. Мисол учун, мақтаётганда уни яхши кўришини айтади, аслида яхши кўрмайди. Ёки гапираётган гапи ўз эътиқодига тўғри келмайди. Шунинг ўзи риёкорликдир;
  3. Маддоҳ гоҳида рўёбга чиқиши мумкин бўлмаган ёки моҳиятини англаш қийин бўлган нарсани гапиради;
  4. Маддоҳ золим ёки фосиқ одамни мақтаб хурсанд қилади;

Мақталган шахсдаги офатлар:

  1. Мақтов мақталган одамда кибр ва ўзини устун кўришликка сабаб бўлиши;
  2. Мақталган мақтовга учиб, ўзидан рози бўлиб ҳимматини йўқотиши мумкин;
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари лаганбардор ва алқовчилар тўғрисида қуйидаги фикрларни билдириб кетган:

“Маддоҳлик бировни ноўрин мақташ, мадҳ қилиш маъносини англатади. Кўп мадҳ қилувчи кишини  араб тилида маддоҳ дейилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ушбу сифатни қаттиқ қоралаганлар, ёқтирмаганлар. Айтдиларки, бу тарзда одамларни мақтаманглар. Агар жуда мақташ лозим бўлиб қолса, менинг тушунишимча ундоқ, менинг тушунишимча бундоқ  денглар.

Эҳтимол, билишингиз, сизнинг тушунишингиз нотўғридир. Ўша айтаётган одамингиз мақтовга сазовор эмасдир.  Шундай экан ноўрин мақташлик дуруст эмас.  Ўзларингиз билиб, билмасдан бировни Аллоҳнинг олдида покизалайман деб уринманглар. Аллоҳ ўзи билади. Банданинг ҳар бир нарсасини билади. Заррадан кичик нарсаси бўлса ҳам билади. Уни (бандани) мақтагани билан ёмон одам яхши бўлиб қолмайди!”.

Шуҳрат Ғаниев

2020 йил 25 июнь куни ўша пайтда Фарғона вилояти ҳокими бўлган ва ҳозирда Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида хизмат қилаётган Шуҳрат Ғаниев маддоҳлик ҳақида:

“Менинг тушунчам бўйича, маддоҳлик – бажармаган ишини гапириш. Масалан, раҳбар сифатида менинг ўз принципим бор, буни вилоятимиздаги кўпчилик билади: кам гапириб кўп иш қилиш керак. Маддоҳлар ҳақида…

Ваъда берган одам, сўзга чиқиб, қайсидир вазифаларни бажариб ташлайман, деб қоп-қоп ваъдаларни берган раҳбар у ваъдани беришдан олдин ўйлаб кўриши керак: шу ваъдани беряпман-у, у бажариладими ёки бажарилмайдими? Шунинг учун очиғини айтиш керак!” – деган эди.

Хайрулла Ҳамидов

Таниқли спорт журналисти, шоир Хайрулла Ҳамидов маддоҳ ва лаганбардорлар жамият учун энг катта хавф эканлигига ишора қилиб, ўз мисраларида буни алоҳида қайд этган:

Дўстга айлантириб яхши-ёмонни,

Маддоҳ мослаб олар ҳар бир замонни:

Кўришига қойил қоламан унинг

Буқаламун каби икки томонни!..

*****

Лаганбардорлар (37-йил қўшиғи)

Қайгадир йўқолса софдил сардорлар,

Қўлингизда тайёр яп-янги дорлар.

Ўзбекнинг тарихин ўқиб йиғладим,

Сиз бунча кучлисиз, лаганбардорлар?!

 

Кўрсатмангиз билан Машраблар ўлди,

Бедилу Насимий ғамларга тўлди.

Бутун бир эл-улус қатағон бўлди,

Сиз бунча кучлисиз, лаганбардорлар?!

 

Фирдавсий боши хам хаёл сурганда,

Жим бўлар сиз билан бирга турганда.

Навоий ҳам титрар сизни кўрганда,

Сиз бунча кучлисиз, лаганбардорлар?!

 

Кулиб ўлдирасиз ёвларингизни,

Бешикаст очасиз ғовларингизни.

Одам билолмайди навларингизни,

Сиз бунча кучлисиз, лаганбардорлар?!

 

Изингиз кўринмас ҳаттоки чангда,

Жилолар сочасиз бунча кўп рангда?

Иштирок этмайсиз ўзингиз жангда…

Сиз бунча кучлисиз, лаганбардорлар?!

 

Ачиниш қаёқда кўздаги ёшга,

Бир хилда айёрсиз қарию ёшга.

Душман қилоласиз ойни қуёшга,

Сиз бунча кучлисиз, лаганбардорлар?!

 

Изингиз йўқ, ошкор бўлмайсиз ҳануз,

Илдизингиз маҳкам, сўлмайсиз ҳануз.

Ҳаммани ўлдириб, ўлмайсиз ҳануз,

Сиз бунча кучлисиз, лаганбардорлар?!

Муҳаммад Юсуф

Ўзбекистон халқ шоири, марҳум Муҳаммад Юсуф “Лаганбардорлар” номли шеърида уларни Иблиснинг ўртоғи ва Азроилнинг содиқ чопарлари сифатида таърифлайди:

Сталин каззоб, деб зорланманг ҳадеб,

У ҳам фарзандидир битта инсоннинг.

Билмоқчи бўлсангиз, қабри қайда деб,

Лаганбардорлардан сўранг Чўлпонни…

 

Отабек Кумушин кўзларин ёпиб,

Ўзи ҳам ортидан қилгач сафарлар,

Қодирий бобонинг қўлларин ўпиб,

Чоҳга итарган ҳам — лаганбардорлар.

 

Улар Иблис билан тили бир ўртоқ,

Улар Aзроилга содиқ чопарлар.

Aввал Усмонларни сотиб, кейинроқ

Фарёд кўтарган ҳам — лаганбардорлар.

 

Ёв надир? Зўр келса ўлдиради ёв,

Булар қон сўргувчи искабтопарлар.

Қаҳҳорни қанд касал,

Ойбекни соқов,

Қилиб қўйганлар ҳам — лаганбардорлар.

 

Улар устозига қулдайин кимса,

Меҳрибон ҳомийси шогирдларининг.

Ўзи ўлдириб, сўнг мозоригача

Кўтариб боришар тобутларини…

 

Сталин каззоб, деб зорланманг ҳадеб,

У ҳам боласи-да битта инсоннинг.

Билмоқчи бўлсангиз, қабри қайда деб,

Лаганбардорлардан сўранг Чўлпонни!

 

Effect.uz’даги лойиҳам “Video-MAQOLA”нинг навбатдаги сони маддоҳлик мавзусида бўлди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев, Москвада яшаб ижод қилаётган ўзбек ёзувчиси Шерзод Комил Халил ва  Халқ депутатлари кенгаши  Ўрта Чирчиқ  тумани депутати Феруза Жўрабековналар қатнашди. Уларнинг фикрлари олинди.

Шерзод Комил Халил

Шерзод Комил Халил:

Маддоҳларни ўзбекчасига таърифласак, улар алқовчилардир. Маддоҳлик жамиятда бугунги кунда  шахсга нисбатан бўлиб кетди. Ўзимиз ижодкор бўлганимиз учун ҳам, менинг кўз олдимга маддоҳ деганда биринчи галда шоирлар келади.

Уларнинг ўз жанрлари ҳам бор. Масалан, қасида, мадҳия ва бошқалар. Уларнинг ҳаммаси мадҳ этади. Тўғри, ватанни мадҳ этиш ҳам бор. Аммо бунга маддоҳлик сифатида қаралмайди. Асосан шахсни мадҳ этишни маддоҳлик деб биламан. Маддоҳ амалдони кўкка кўтариши орқали нимадандир умидвор бўлади. Маддоҳга ишониш керак эмас!

Феруза Жўрабековна

Феруза Жўрабековна:

–  Кимгадир, ўзида йўқ хислатларни айтиб ёки камроқ бўлса ҳам ўшани ошириб, ортиқча зеб бериб, гапиришни маддоҳлик деб тушунаман. Яна ундан ташқари, муқаддас китобларда, ривоятларда бир бирингизни ортиқча мақтаманг ва мақтовга учманг деб айтилган. Керагидан ортиқ мақташ дўстингизга сиз томонингиздан қилинган душманлик бўлади.

Бугунги кундаги маддоҳликка тўхталадиган бўлсам, ҳақиқатан ҳам жамиятимизда авж олди. Айниқса, катта амалдору, мутасаддиларга. Баъзи инсонларнинг маддоҳликни ўзига касб қилиб олганликларини кўряпмиз. Шунинг ортидан кун кўради ва нималаргадир эга бўлади.

Расул Кушербаев

Расул Кушербаев:

– Ўзининг манфаатини ўйлаб, фаровонлиги йўлида хоҳламаса ҳам бировни мақташ ва шу орқали фойда кўриш бу – маддоҳлик. Энг ёмони маддоҳнинг мақтовларини тинглаб ўтирган одамнинг кўзи ёпилиб, қулоғи эшитмайдиган бўлиб қолади. Оқибатда фақат мақтовни эшитишни хоҳлайди. Бу эса атрофдагиларга жуда катта зарар етказади. “Мақтаганнинг кўзига тупроқ сеп” – дейишгани бекорга эмас. Шундай экан, бунга амал қилиш керак ва тупроқ сепиш лозим. Негаки, уни чалғитяпти. Йўлдан урмоқчи. Биринчи рақамли душман ўша. Уни тезроқ четлаштириш керак!

Маддоҳ инсонни ажратиш унчалик мушкул эмас. Кимдадир лаганбардорликнинг аломатини кўрсангиз яхшиси у билан дўст бўлманг. Узоқроқ юрганингиз маъқулроқ!

Аброр Поёнов

Effect.uz мухбири, “Video-MAQOLA” лойиҳаси муаллифи