Бугун, 31 август куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Сречко Катанец бошчилигида навбатдаги ўқув-йиғин машғулотини ўтказди.

Бугунги машғулотларга Жалолиддин Машарипов номаълум сабабларга кўра иштирок этмади. Жавоҳир Сиддиқов эса машғулотлар пайтида жароҳат орттириб олди. Ҳозирда Жавоҳирнинг жароҳати ҳақида маълумотлар эълон қилинмади.

Машғулот давомида “Насаф” ҳимоячиси Ҳусниддин Алиқулов билан қисқа интервью уюштирилди.

  • Катанец бошчилигида бир-неча кунлардан бери машғулот ўтамоқдасиз, янги мураббийнинг машғулотлари аввалги мураббийлардан фарқ қиладими?
  • Албатта, фарқ қилади. Ҳамма мураббийнинг ўзининг йўли бўлади. Шу сабабли Катанецнинг ҳам ўз позицияси бор.
  • Ҳимоячиларга алоҳида машғулот юклатиляптими?
  • Ҳали юклатилгани йўқ. Чунки биз яқинда асосий таркибга қўшилдик.
  • Жисмоний ҳолатга қандай эътибор бериляпти?
  • Яхши эътибор берилмоқда. Катанец жисмоний ҳолатга янги вазифалар юклатмоқда.
  • Одил Аҳмедовдан сўнг терма жамоага ким сардор бўлиши кутилмоқда?
  • Тажрибали футболчилар кўп. Масалан: Отабек Шукуров ёки Жалолиддин Машариповлар бўлиши мумкин.
  • Айни пайтда “Насаф”даги ички ҳолат қандай?
  • Ҳозирда жамоамиз молиявий муаммоларга дуч келмоқда.
  • Ижтимоий тармоқларда “Насаф” директори “Аҳал” билан ўйиндан сўнг: “ким хоҳласа, эркин агент сифатида жамоани тарк этиши мумкин”, –  деган хабарлар тарқалди. Шу маълумот тўғрими?
  • Шундай гаплар бўлди, лекин бу оддий гаплар менимча.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 5 сентябрь куни Швеция билан ўртоқлик учрашувини ўтказади.