Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги байрами муносабати билан халқимизнинг мароқли ҳордиқ чиқаришини таъминлаш мақсадида 1-5 сентябрь кунлари дам олиш кунлари деб эълон қилинган бўлишига қарамасдан вакцинасия жараёни давом этишини маълум қилди.

Халқ сайиллари, болалар иштирокидаги байрам тадбирлари ўтказиладиган ва аҳоли гавжум жойларда тиббий ёрдам хизмати ташкиллаштирилади.

Шунингдек, байрам кунлари юртимиздаги барча даволаш муассасаларида, ҳудудий оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар, кўп тармоқли марказий поликлиникаларда белгиланган тартибда байрам кунлари 08:00 дан 20:00 гача фаолият кўрсатадиган шифокор ва ҳамширалардан иборат навбатчи бригадалар тузилиши белгиланди.

Шунингдек, шошилинч тиббий ёрдам тизими муассасалари ва “тез ёрдам” хизмати одатдаги тартибда бир маромда узлуксиз ишлайди. Хусусан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудларда 13 та филиали, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари тизимидаги барча бўлимлари фаолият кўрсатади.

Ўзбекистондаги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда эмлаш пунктлари фаолияти байрам кунлари ҳам давом эттирилади.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳудудий бошқармалари байрам тадбирлари ўтказиладиган жойларда карантин қоидаларига қатъий риоя этилиши бўйича тегишли чораларни кўради.