Наманган вилоятида масжид таҳоратхонаси қурилиши вақтида унга туташ бўлган уй дарвозахонасининг девори ўпирилиб, томи қулаб тушди, дея хабар бермоқда вилоят ФВБ матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, Наманган шаҳар Заркент МФЙ Ахси кўчасида жойлашган «Хомиддин қори жомъе масжиди» учун таҳоратхона қурилиш жараёнида девор ўпирилиши содир бўлганлиги сабабли, унинг ёнидаги 19-берк , 21 А уйдаги дарвозахонанинг ён девори ҳам ўпирилиши натижасида дарвозахонанинг том қисми қулаган.

Ҳозирда воқеа жойида Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Қутқарув отряди ҳамда Наманган шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин-қутқарув бўлими қутқарувчилари томонидан қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда.

Юқоридаги ҳолат юзасидан фуқароларга жиддий тан жароҳати етказилиш каби холатлар юзага келмагани айтилган хабарда.