Бугун, 30-август куни “ArMI–2021” ярим финалида иштирок этадиган жамоалар учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Унда делегация аъзолари, иштирокчи давлатлар жамоа вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Унга кўра, биринчи дивизионда қатнашаётган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан иборат танкчилар жамоамиз иккинчи гуруҳдан жой олди ва бу гал ҳам сариқ рангли танкларда ҳаракатланадиган бўлди.

Шундай қилиб, иккинчи “Эстафета” шартида иккинчи гуруҳдан Беларус (кўк), Ўзбекистон (сариқ), Мўғулистон (яшил) ва Сербия (қизил) жамоалари ўрин олган бўлса, биринчи гуруҳда Россия (кўк), Хитой (сариқ), Озарбайжон (қизил) ва Қозоғистон (яшил) жамоалари ҳаракатланади. Кейинги босқичга эса иккала гуруҳнинг энг яхши 4 та жамоаси йўл олади.

Шунингдек, “Aлабино” полигонида ярим финалга чиққан жамоалар ўзларига бириктирилган техникаларни меъёр даражасига келтириб, нишонларга қарата отиш амалиётини бажарди.

Эртага, 31-август куни биринчи гуруҳ жамоалари ўзаро беллашади. Вакилларимиз жой олган иккинчи гуруҳ баҳслари эса 1-сентябр куни бўлиб ўтади.