Бош прокуратура фуқаро Н.Файзиеванинг меҳнат низоvига оид суд қарорларидан норозилиги ҳақидаги мурожаатини ўрганиб чиқди. Аниқланишича, Н.Файзиева “Пойтахтбанк” АЖда ишлаб келиб, банкнинг ташаббусига кўра, 11.09.2019 йилда ишдан бўшатилган, дея хабар бермоқда Бош Прокуратура матбуот хизмати.

Лекин банк касаба уюшмаси қўмитаси томонидан Н.Файзиева билан меҳнат шартномасини бекор қилишда қонун талабларига риоя этилмаган.

Биринчи инстанция суди иш ҳолатларига тўғри баҳо берган ҳолда даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириш ҳақида асосли хулосага келган бўлсада, апелляция ва кассация инстанцияси судлари қонунга зид равишда унинг талабларини рад этиб, суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилган.

Суд ажримларига нисбатан Бош прокуратура томонидан ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида протест келтирилди. Иш 19.08.2021 йилда Ўзбекистон Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўрилиб, Бош прокуратура протести қаноатлантирилди.

Натижада Н.Файзиевага 31 млн. сўм иш ҳақи, 6 млн. сўмдан ортиқ  маънавий зарар ундириш белгиланди.