Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб “Янги Ўзбекистон” китоб-альбоми чоп этилди. Асар ўзбек (кирилл ва лотин алифбосида), рус ва инглиз тилларида, матбаачилик жиҳатдан ўзига хос дизайн ва юқори сифатда нашрдан чиқарилган. Унда истиқлол йилларида, айниқса, кейинги беш йилда юртимизда янги давлат ва жамият қуриш йўлида амалга оширилган ва оширилаётган улкан ишлар ҳақида ҳикоя қилинади.

Энг муҳими, янги нашр ўзининг “Янги Ўзбекистон” деган жарангдор номига ҳар томонлама мос ва муносиб. Шу ўринда китобнинг номланишига яна бир бор эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз. Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, халқаро тажрибада жаҳон сиёсий лексиконини (атамашунослигини) янги тушунчалар билан бойитадиган давлат ва жамоат арбоблари кам топилишини таъкидлаш лозим.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” тушунчасини дунё сиёсати луғатига киритгани беқиёс аҳамиятга эга. Янги Ўзбекистон — бу ибора Миллат етакчиси илгари сурган ва бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган эзгу ғоядир.

Бу ғоя замирида:

бир томондан, бугунги ва эртанги авлодларимизнинг “Учинчи Ренессанс” пойдеворини қўйишдек эзгу мақсадмуддаолари;

иккинчи томондан, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи Уйғониш даврларига асос солган улуғ аждодларимиз, аллома боболаримизнинг орзуинтилишлари ва армонлари;

учинчи томондан, бунёдкорлик, яратувчанлик, ҳар доим ўқиш ва изланишга даъват ўз мужассамини топган.

“Янги Ўзбекистон” китоб-альбомининг “Инсон ҳуқуқлари — энг олий қадрият” деб номланган алоҳида бобидаги мухтасар кириш сўзида айни шу ҳақда сўз боради. Мазмунли ва ранг-баранг фотосуратларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари нечоғлиқ таъминланаётгани ўзининг яққол ифодасини топган.

Ўзбекистон илк бор 2021–2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланди ва шу йил 1 январидан аъзолик мақомидаги вазифаларини фаол бажаришга киришди.

Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу нуфузли халқаро ташкилотнинг олий минбаридан туриб ўзбек тилида илгари сурган ва жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланган миллий, минтақавий ва халқаро ташаббуслари изчиллик билан рўёбга чиқарилмоқда.

Кейинги йилларда БМТ, ЕХҲТ, Европа Иттифоқи, Парламентлараро Иттифоқ, шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, ШҲТ, МДҲ каби кўплаб халқаро ташкилотлар ва жаҳоннинг деярли барча давлатлари билан ўзаро ҳамкорлик муносабатларимиз юксак поғонага кўтарилди. Бу ўтган тарихан қисқа даврда юртимизнинг жаҳон миқёсидаги сиёсий ўрни ва обрў-эътибори кескин ошганидан далолат беради.

Дунёда янги Ўзбекистонга нисбатан қизиқиш, интилиш ва ишонч руҳи, мамлакатимиз билан ҳамкорликка эришишга рағбат тамойиллари кучайди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Президентига халқаро ҳамжамиятнинг ишончи жуда юқори ва бу ишонч тобора ортиб ҳамда мустаҳкамланиб бормоқда.

Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясида, коронавирус шароитига қарамай, 40 дан ортиқ давлатдан 150 дан зиёд вакил иштирок этгани ҳамда ўндан ортиқ нуфузли ташкилотнинг раҳбарлари онлайн тарзда фаол қатнашгани бу фикримизнинг яна бир исботидир.

Бу ютуқларнинг барчасига, албатта, бундан 30 йил олдин халқимиз қўлга киритган асосий ҳуқуқимиз — Мустақиллик туфайли эришмоқдамиз. Бинобарин, бундан ўттиз йил олдин мустақиллик шу озод юртда яшайдиган ҳар бир инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг тўла таъминланиши кафолати бўлиб майдонга чиқди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Янги Ўзбекистон — демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган меъёр ва тамойилларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир”.

Мухтасар айтганда, бир томондан, янги Ўзбекистон жаҳон сиёсатининг фаол аъзосига айланган бўлса, иккинчи томондан, инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида бемисл самараларга эришмоқда. Кейинги беш йилда Ўзбекистон давлати нафақат дунёга, балки халқимизга ҳам кенг очилди.

Яъни, давлат ташкилотлари ва мансабдор шахслар оддий одамлар томон юз бурди. Натижада юртдошларимиз бевосита гувоҳи бўлаётган афв этиш, “қора рўйхат”дан чиқариш, фуқаролик бериш, “прописка”ни бекор қилиш каби кўплаб янгиликлар мисолида инсон ҳуқуқлари рўёбини амалда кўрмоқдалар.

Китоб-альбомнинг “Ўттиз йиллик мураккаб ва шарафли йўл”, “Янги Ўзбекистон — миллий тараққиётнинг янги босқичи”, “Давлат идоралари халқимизга хизмат қилмоқда”, “Инновацион асосда қайта қурилаётган иқтисодиёт”, “Янги Ўзбекистонни азму шижоатли ёшларимиз билан биргаликда қурамиз”, “Халқ ва армия — бир тану бир жондир”, “Маънавият — Янги Ўзбекистон пойдевори”, “Ўзбекистон ва жаҳон” сарлавҳалари билан номланган бошқа барча боблари ҳам китобхонни бефарқ қолдирмайдиган ёрқин фотолавҳалар билан безатилган.

Янги Ўзбекистон меъмори ва ташаббускори ҳисобланувчи Президентимизнинг сўзлари билан айтганда: “Янги Ўзбекистонни барпо этиш — бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир”.

Шу маънода, бундан беш йил олдин қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида ўз олдимизга янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек буюк вазифаларни стратегик мақсад қилиб қўйганимиз бежиз эмас. Янги китоб-альбом биз интилаётган эзгу ғоя туфайли ҳаётимизнинг турли соҳаларида қўлга киритилаётган юксак самараларнинг ўзига хос тасвирийҳужжатли тасдиғидир.

Хулоса қилиб айтганда, “Янги Ўзбекистон” китоб-альбоми эл-юртимизнинг улуғ тўйи — Истиқлолимизнинг 30 йиллигига муносиб ва мўъжаз тўёнадир. Чунки, янги нашр — Ўзбекистон мустақиллиги 30 йиллигининг салмоқли солномаси ва янги Ўзбекистоннинг ўзига хос зафарномасидир.

Фурсатдан фойдаланиб, китоб-альбомнинг электрон версияси ва мобиль-иловаларини ҳам ишлаб чиқишни таклиф этамиз. Фикримизча, янги ўқув йили бошида — 1 сентябрь куни ўтказиладиган Мустақиллик дарслари доирасида ушбу китоб тақдимоти ҳам ташкил этилса, унинг маъно-мазмунини кенг жамоатчиликка етказиш имкониятлари янада ортади.

Акмал САИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикерининг биринчи ўринбосари