Бугун, 24 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Ўзбекистонда экологик ҳолатни яхшилаш, дарахтлар муҳофазасини самарали ташкил этиш ва яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказмоқда.

Тошкент шаҳрида экиладиган дарахт ва экинларни табиий иқлимдан келиб чиқиб қайта кўриб чиқилади.

Шаҳарнинг ҳамма жойида кўп сув талаб қиладиган арча ва “газон” кўпайиб кетди. Наҳотки, ўзимизнинг шароитга мос кўчат навлари билан таъминлаш ҳақида ҳеч ким бош қотирмайди?

Мисол учун, “газон” ўрнига 12 ой кўм-кўк турадиган манзарали буталар, каштан, қайин, заранг (клён), лола дарахти экиш мумкин-ку?” – деб савол қўйди президент.

Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев қуйидаги вазифаларни белгилаб берди:

  • Икки ҳафта муддатда илмий асосланган ҳолда пойтахтнинг қайси кўчасида қандай дарахт ва экинларни жойлаштириш бўйича тақдимот қилиш;
  • Йил якунига қадар Бўзсув сув иншоотининг бўш турган 40 гектар майдонида “яшил ҳудуд” ташкил этиш;
  • Икки ой муддатда пойтахтга янги қўшилаётган ҳудудларнинг 1,5 минг гектарида дарахтзорлар ташкил этиш ишларини бошлаш;
  • Ҳудудларда йил якунига қадар аҳоли массивларида 855 гектар майдонга эга “яшил майдон” ҳамда 585 гектар майдонда жамоат паркларини ташкил этиш. Бунда ушбу ҳудудларни ер ва мулк солиғидан озод қилиш;
  • Дарахтларни бино ва иншоотлар мулкдорларига бириктириш ва кадастр паспортини тақдим этиш тизимини жорий этиш.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев соҳадаги тизимли муаммолар ҳал қилинмагани ва йўл қўйилган камчиликлар учун Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Алишер Мақсудов лавозимидан озод этилган эди.