Бухоро шаҳрида ер майдони ажратиб бериш эвазига фуқародан 10 минг доллар олган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Бухоро вилоят бошқармаси ахборот хизматига таяниб, “Дарё” маълум қилмоқда.

Таъкидланишича, Бухоро шаҳрида яшовчи И.С. фуқаро С.Ш.га ваколатли танишлари орқали Бухоро шаҳрида кўп қаватли уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиб беришни ваъда қилиб, эвазига ундан 10 минг доллар талаб қилган. И.С.нинг хатти-ҳаракатида ишончсизлик сезган С.Ш. ҳолат бўйича ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими ходимлари, ДХХ ҳамда Миллий гвардиянинг вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигидаги тезкор тадбирда И.С. фуқаро С.Ш.дан 10 минг долларни пора сифатида олаётганда, қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.