Талаб юқори дори воситаларини Пискент туманида 23 минг, Ширин шаҳрида 3 минг АҚШ долларига сотаётган шахслар ушланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент матбот хизмати.

Маълум бўлишича, фуқаролар Б.Т., Р.Т. ва Ш.Н.лар пандемия шароитида талаб юқори бўлган дори воситаларини қиммат нархларда сотиб даромад орттиришни кўзлаб, хорижда ишлаб чиқарилган 399 қути “Сovifor 100 mg” (Remdesivir), 1 820 қути “Stoper 2 mg”, 13 қути “Клексан 0.8мл” ва 50 қути “Имудон” дори воситаларини жами 23 000 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.

Экспертиза хулосасига кўра, ушбу дори воситаларининг умумий баҳоси 185,3 млн сўмни ташкил этган.

Шу каби, Департаментнинг Ширин шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаролар Ш.Б. ва Д.Б.лар ўзаро тил бириктириб, 50 қути “Covifor” (Remdesivir), 5 қути “Actemra 400 mg/20ml” дори воситаларини жами 3 000 АҚШ доллари ва 2,7 сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.