Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Ўзбек-Қирғиз тараққиёт жамғармасини тузиш тўғрисидаги битимни ратификация қилди. Бу ҳақда “Sputnik”нашри хабар берди.

Жамғарма иқтисодиётнинг устувор тармоқларида ўзини ўзи оқлайдиган лойиҳаларга сармоя киритиши режалаштирилган.

Устав капитали 50 миллион долларни ташкил қилади, пулни Ўзбекистон қўшади. Бу миқдорни 200 миллионгача оширилиши кутилмоқда.

Маълумот ўрнида, аввалроқ Қирғизистон ва Ўзбекистон устав капитали 50 миллион доллар бўлган инвестиция жамғармасини тузиши, шунингдек божхона соҳасида ҳамкорлик қилиши ҳақида хабар берилганди. Бу ҳамкорлик нимани англатиши ҳозирча номаълум.

Қарор Қирғизистон Республикаси Бош вазири Артем Новиков Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Сардор Умурзоқов (Инвестициялар ва ташқи савдо вазири) билан Фарғонада бўлган учрашувда муҳокама қилиш орқали қабул қилинган.

Бундан ташқари, учрашувда 25 декабрга қадар қўшни инвестиция лойиҳалари ва чегарадош ҳудудларни ривожлантириш учун саноат кооперациясини муҳокама қилишга келишиб олинган эди. Шулар билан бир қаторда, халқаро транспорт ва савдони ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинган.