Президент Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетасининг 17 август сонига интервью берди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев ўзининг “facebook” саҳифасида ушбу интервью ҳақидаги фикрларини келтириб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетасига интервью берди. Давлат раҳбари суҳбат давомида мамлакатимизда кейинги беш йил давомидаги ислоҳотлар, хусусан, ахборот соҳасини демократлаштириш, ошкоралик, сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги ролини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам сўз юритди.

“Албатта, бугунги кунда одамларни қандай масала ва муаммолар ўйлантираётгани, ташвишга солаётганини яқиндан билишда ёрдам берадиган очиқ манбалар, ахборот тармоқлари кўп. Айниқса, телевидение, матбуот, Интернет ҳаёт нафасини, таъбир жоиз бўлса, ҳар бир соҳанинг ‘юрак уриши'ни аниқ-равшан ҳис қилишда муҳим аҳамиятга эга”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Дарҳақиқат, ҳозирги кунда ахборот олишга доир ҳуқуқларнинг тўла таъминланиши, давлат органларининг халқ учун, ҳар бир фуқаро учун очилиб, улар билан фаол мулоқот олиб бориши натижасида соҳада олдинги ёндашувлардан воз кечилди, ислоҳотлар шиддати ОАВ олдига янги вазифалар қўйди. Жамоатчиликнинг муҳокамаларига сабаб бўлаётган барча муаммолар, қонунлар ёки инсон ҳуқуқларининг бузилиши, коррупция каби иллатларни бартараф этишда миллий медиа макон журналистлар ва блогерлар учун катта минбарга айланди.

Долзарб масалаларни ёритишда, фикрлар хилма-хиллигини инобатга олган ҳолда ҳаққоний ва объектив материаллар тайёрлаш ҳамда уларни етказишда ОАВ вакилларидан холислик, тезкорлик, танқидий нуқтаи назар, бурчга садоқат, профессионализм талаб этилади.

Давлатимиз раҳбари деярли ҳар бир чиқишларида ахборот соҳасидаги ислоҳотлар изчил давом этиши, ортга йўл йўқ эканини таъкидлаб келади. Бугунги даврда жамият учун очиқлик, ошкоралик, матбуот ва сўз эркинлиги жуда муҳим эканини барчамиз яхши тушунамиз. Президентимиз ҳам мазкур интервьюсида “биз эришган энг муҳим натижа ҳам аслида шу – демократик ислоҳотларимиз ортга қайтмайдиган тус олди”, дея алоҳида таъкидлагани замирида ҳам ОАВ, ахборот соҳасида амалга оширилган ишлар мужассам.

Энг муҳими, бугун ОАВ ва блогерлар халқимизни рози қилиш йўлидаги улкан вазифалар ижроси, ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кўрсатиб беришда янада фаол бўлишлари керак. Ҳамжиҳатликда ҳар бир мавзу ва масалани чуқур ўрганиб, экспертлар хулосалари билан асослантириб ёндашиш соҳалардаги ўзгаришлар самарасини акс эттиришда ҳамда ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини шакллантиришда катта аҳамият касб этади.

Зеро, давлатимиз раҳбари ҳам интервьюда қуйидаги фикрларни билдирдилар:

“Бир сўз билан айтганда, замонавий ахборот технологиялари ривожланган бизнинг давримизда реал ҳаётдан бутунлай узилиб қолиш мумкин эмас. Шунга қарамасдан, халқ билан турли кўринишдаги, дейлик, бу режадаги тадбир бўладими ёки маҳалла, туман, қайсидир муассасага кутилмаган ҳолатда кириб бориш орқали бўладими, умуман, бевосита мулоқот ҳамиша керак, деб ҳисоблайман”, — дея фикрини якунлаган Асаджон Ходжаев.