Effect.uz Ахборот агентлигига Қорақалпоғистон Республикасининг олис Мўйноқ тумани “Ҳоким ота” ОФЙда жойлашган “Қизилжар қора молларни етиштириш, бурдоқига тайёрлаш, гўшт ишлаб чиқариш ва сотиш” корхонаси эгаси, асли Хоразм вилояти Урганч туманида истиқомат қилувчи фуқаро Манучеҳр Сапаев  мурожаат қилиб, корхонага тегишли бўлган техникаларни Мўйноқ тумани ҳокимлиги ноқонуний равишда тортиб олганлигини билдирди.

 

“2013 йилда Мўйноқ тумани ҳокими бошчилигида қонунга зид равишда қарор қабул қилинади. Яъни, тадбиркорлик техникаларимиз ҳокимият балансига олинади. Ҳеч қандай суд қарорларисиз, сохта ҳужжатлар расмийлаштирилиб бу ишлар амалга оширилади.

Ўша вақтдаги ҳоким Худойберган Ўтаниязов эди. Қоровулга қаттиқ босим остида Камаз, Зил, Комбайн тракторларимиз,  ҳамда барча техникаларимизни олиб кетишади.  Бунинг сабабини ҳокимнинг ўзидан сўраганимизда эгасиз мулк деб топганлигини айтди. Қанақасига бундай бўлиши мумкин? Ҳоким судмидики, эгасиз деб топадиган…

Бормаган ташкилотим, мурожаат қилмаган идорам қолмади. Натижа бўлмаяпти. Ҳоким томонидан “давлат мулки объекти” дея, президентга ёлғон ахборот берилган. Хусусий мулкни тортиб олиб толон-тарож қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Прокуратура кўриб туриб жиноятни ёпиб ўтирибди. Ҳозиргача солиқ тўлаб юрибман.

Тўғридан-тўғри, босқинчилик йўли билин хусусий мулкимдан маҳрум қилишди. Ҳокимларга алоҳида қарор борми? Қаерга мурожаат қилишни билмайман. Прокуратура ёрдам бермаса, ички ишлар ёрдам бермаса, Қорақалпоғистон прокуратурасига ҳам, Бош прокуратурага ҳам мурожаат қилдим. Бош прокуратурани алдаб Мўйноқ тумани ҳокимлиги ёлғон маълумот бериб қўйибди. Яъни, техникани ўзи топширган деб алдаган. Ҳолбуки, мен ҳеч қачон ундай қилмаганман!” – дейди мурожаатчи.

Ушбу мурожаатни тегишлилигича Бош прокуратура, ИИВ ва бошқа органлар ўрганиб чиқишларини сўраймиз…