Экологик партия раиси, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод Нарзулло Обломуродов:

“Афғонистондаги ҳолат, менинг назаримда, толибоннинг ютуғи эмас, унинг жуда қудратли ҳарбий кучга эгалигини англатмайди. Аввалги ҳукумат, раҳбарият афғон жамиятида ўзаро мувозанатни бузганининг ҳосили, оқибати, деб қарайман.

Барчамиз гувоҳ бўлиб, хавотир билан кузатаётганимиз Афғонистон воқеалари, албатта, бутун халқимизни ташвишга солмоқда”.

Мақсуда Ворисова, Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод:

“Ўзбекистон ҳукумати Афғонистондаги вазият бўйича амалга ошираётган фаол сиёсий ва дипломатик саъй-ҳаракатлар халқимизнинг хоҳиш-истагига ҳам мос бўлиб, халқимиз хавфсизлигини таъминлашга қаратилган, деб ўйлайман.

Қўшни мамлакатдаги ҳолат Халқ демократик партияси фаолларида ҳам чуқур хавотир уйғотмоқда. Коронавирус пандемиясининг янги тўлқини шароитида кескинликнинг кучайиши афғон халқи ҳаётини янада мураккаблаштирмоқда. Ихтилофга алоқадор барча томонларни куч ишлатишдан тийилишга ҳамда тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлишига йўл қўймасликка чақирамиз.

Уруш афғон халқининг танлови эмас. Кескин низоли вазият оқибатида минглаб афғонистонликлар қочоққа айланди, бегуноҳ инсонлар, болалар, аёллар, қариялар кўчада қолди. Бу ҳолат давом этмаслиги учун барча имкониятларни ишга солиш зарур.

Афғонистонда тинчлик ҳақидаги келишувларнинг барқарорлиги, аввало, мамлакатдаги барча сиёсий кучлар – сиёсий партиялар, ҳаракатлар ва этник гуруҳларнинг ушбу жараёнга жалб қилинишига боғлиқ бўлади. Давлат тизимидаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, тиббий ёрдам кўрсатиш, энг зарур озиқ-овқатлар билан таъминлаш тизимини сақлаб қолиш ва ривожлантириш, фуқаролик жамияти тузилмасининг тўлиқ ишлаши, аҳоли, жумладан, хотин-қизлар ва болаларнинг хавфсизлигини кафолатлаш долзарб масалалардан бўлиб турибди…”

Алишер Қодиров, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод:

“Афғонистондаги вазият режалаштирилганидек кескинлашди.  Қочқинлар ва бошпана сўраганлар бўйича Ҳалқаро ҳуқуқ талаблари доирасида, инсонпарварлик тамойилларига мос ҳаракат қилиниши лозим.

Афғонистон халқи, жумладан шимолдаги миллатдошларимизга Афғонистон янги бошқарувининг муносабатига жаҳон хамжамияти билан бир тўлқинда баҳо бериб борилиши зарур.  Афғонистоннинг янги бошқарувига афғонистонликларнинг муносабати қандай бўлишини эса вақт кўрсатади.

Барқарор ва ҳамкор Афғонистон минтақа тақдирида ижобий бурилиш нуқтаси бўлиши тарафдоримиз!”.