Бугун пойтахтда бўладими ёки вилоятларда бу муҳим эмас лекин, “мардикор” бозорларидаги аҳволни ҳавас қиларли даражада деб айтолмаймиз…

Effect.uz журналисти Аброр Поёнов  ўз муаллифлигидаги “Video-MAQOLA” лойиҳасида Ўзбекистондаги ишсизлик  ҳамда аёллар мардикорлиги масаласини кўтариб чиқди. Шунингдек, лойиҳанинг бу галги сонида Олий Мажлис Қонунчилик  палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам меҳмон сифатида иштирок этиб ўз фикрлаарини билдирди.

 

“Фалон хорижий давлатда фоҳишалик билан шуғилланаётган ўзбек қизлари қўлга олинди!”, “Одам савдоси домига тушиб қолган аёлларимиз…”, “Чет элдан ОИВ инфекциясини юқтириб келган хотин – қизлар сони очиқланди!” – деган  жуда кўплаб хабарлар тарқалади. Буларнинг барчасига ИШСИЗЛИК сабабчидир.

Ўзимизда шароит бўлмаганлигидан улар шу аҳволга тушишган. Экстремистик жиҳодчи гуруҳларга қўшилиб қолаётган аксарият аёлларимиз ҳам хорижга иш излаб чиқиб кетганлар эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Бунга барчамиз айбдормиз. Хоҳлаймизми-йўқми бундай нохуш ҳолатлар Юртимизнинг халқаро нуфузига ҳам сезиларли равишда таъсир қилади. Келтирилган мисоллар эса шунчаки даҳшат…

Бугун Ўзбекистонда 1,6 миллион одам ишсиз. Мамлакатдаги ишсизлик билан боғлиқ сўнгги рақамларга Сенатда ойдинлик киритилган. 2021 йил 23 апрель куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ўзининг навбатдаги ялпи мажлисини ўтказди. Маълум бўлишича, бу ишсизларнинг ярми 16-30 ёшлилар ҳисобига тўғри келади. Бундан ташқари, Ўзбекистон меҳнат бозорига яна ярим миллиондан ортиқ битирувчининг кириб келиши кутилаётгани айтилди.

Масъулларга кўра, бу 2021 йилда 1 миллион 300 мингдан ортиқ ёшни иш билан таъминлаш эҳтиёжини англатади. Ишсизлик, айниқса, сўнгги ойларда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев устма-уст эътибор қаратаётган энг долзарб муаммолардан бири. Президент Шавкат Мирзиёев “ҳар қанча қийин бўлмасин, ярим миллион ёш, 200 минг аёлни иш билан таъминлаш ва 300 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш лозим”лигини таъкидламоқда.

Сўнгги эълон қилинган расмий маълумотларга таянилса, мамлакат аҳолисининг сони ҳозир расман қарийб 35 миллион кишини ташкил этади. Агар, президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи яқинда келтирган ҳисоб-китобларга қаралса, уларнинг ярмидан кўпи айнан ёшлар ҳисобига тўғри келади. 18-30 ёшлилар орасида ишсизлик кўрсаткичи қарийб йигирма фоизни ташкил этади.

Аксар аҳолиси мамлакатнинг чекка қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи Ўзбекистонда ишсизлик ва камбағаллик ҳали-ҳануз чуқур илдиз отган муаммолардан бири бўлади. Миллионлаб ўзбекистонликларнинг тирикчилиги ташқи меҳнат миграцияси орқали ўтиб келган. Ишсизлик муаммосининг вақтинчалик ечими сифатида пайдо бўлган мардикор бозорлари эса, сўнгги чорак асрдан ортиқроқ вақт мобайнида мамлакатда одатий туc олиб бўлган воқеъликлардан бири бўлди. Шу пайтгача масъуллар ҳар йили яратилганини баён қилиб келаётган “юз минглаб янги иш ўринлари” эса, афтидан, бу муаммога ҳали-ҳануз жиддий ечим бўла олмаган.

Ялпи мажлис чоғида Ўзбекистон Бош прокурори ҳам чиқиш қилган. Ниғматилла Йўлдошев 2020 йилда мамлакатда умумий жиноятчилик кўлами қарийб 35 фоизга ошганини айтган.

Худди шу вақт оралиғида Ўзбекистонда ўғрилик, талончилик, товламачилик ва номусга тегиш энг кўп ортган жиноятлар экани маълум бўлган. Дейлик, номусга тегиш жиноятининг 27,7 фоизга кўпайгани айтилган. Оғир ва ўта оғир жиноятларнинг 49 фоизга ошгани ҳақида ҳам сўз борган.

Ўз ўрнида, вояга етмаганлар орасида ўз жонига қасд ёки суиқасд қилганлар сони ярим мингдан кўпроққа нисбат берилган, 526 та экани айтилган. Маълум бўлишича, мамлакат бўйлаб жами 62 081 та жиноят расман рўйхатга олинган.