Бир пайтлар Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев “Ҳеч нима бузилмайди, дарахтлар кесилмайди. Битта дарахт кесилса, аризамни ёзиб ишдан кетаман. Қўллайсизларми шуни?” – дея, жамоатчиликка юзланган эди.

Жорий йилнинг 13 февраль куни “Мовий гумбазлар” ресторани яқинидаги хиёбонда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев жамоатчилик вакиллари билан Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб, қуриладиган “Истиқлол” мажмуасининг барпо этилишига оид масала юзасидан учрашди. “Ўзи нима қурилади бу ерда?” – деган саволга у қуйидагича жавоб берганди:

“Уч кун ичида лойиҳа режасини тайёр қиламиз. Уч кундан кейин келингларда, фикрларингни айтинглар. Aввал кўрасизлар, кейин дардларингизни айтасизлар. Ҳеч нима бузилмайди, дарахтлар кесилмайди. Қўллайсизларми шуни? Учта – тўрттаси норози бўлса, ўзига норози бўлсин. Учта- тўрттанинг гапига кириб, Тошкентга битта ғишт қўёлмайман!” – деган эди Ортиқхўжаев.

Telegram’да Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги кўп қаватли уйлар олдида дарахт кесилаётгани ва бунга ҳудуд аҳолиси норозилик билдиргани акс этган видео тарқалди. Ноқонуний дарахт кесишга уринаётган шахснинг жамоатчилик томонидан тўхтатиб қолингани, Жаҳонгир Ортиқхўжаев фойдасига ишлади. Биламиз, Жаҳонгир Обидович Ортиқхўжаев кўп ишларни амалга оширган, аксар ваъдаларини ҳам бажариб келган инсон. Шундай экан, Тошкентда битта дарахт кесилса, ҳоким ишдан кетиши факт бўлиб қолмоқда. Агар “қуртлаган” дарахт қулаб тушса-чи?

Аброр Поёнов