Хабарингиз бор, Ўзбекистон футзал терма жамоаси Литва давлати мезбонлик қиладиган 2021 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этади. Хабарга кўра, бугун уларни мундиалга жўнаб кетиши олдидан тадбир ташкил этилган.

Футзалчилар эртага Тошкентдаги машғулотларини якунлаб, Испаниянинг Мадрид ҳамда Португалиянинг Порту шаҳарларида ўтадиган хорижий йиғинга жўнаб кетишади. Йиғинлар давомида Испания, Португалия, Аргентина каби дунёнинг етакчи терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказилади. Шундан сўнг, Жаҳон чемпионатида қатнашиш учун Литва пойтахти Вилнюс шаҳрига етиб боришади.

Бугун ЎФА раҳбарияти мундиал сафари олдидан Ўзбекистон футзал терма жамоаси мураббийлар штаби ҳамда футзалчилар билан учрашди. Тадбирда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, ЎФА Ижроия қўмитаси аъзоси Жаҳонгир Усмонов, Фахрийлар кенгаши раиси Тўлаган Исоқов иштирок этди.

Учрашувда Равшан Эрматов ЎФА президенти Абдусалом Азизов ва футбол жамоатчилиги номидан футзал терма жамоамизга масъулиятли мусобақада омад ва муваффақиятлар тилади. Литвада бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёнида тинимсиз қилинган меҳнатлар ўз натижасини кўрсатишига ва делегация Ўзбекистонга ёруғ юз билан қайтиб келишига ишонч билдирди” – дейилади хабарда.

Эътибор қаратган бўлсангиз мазкур тадбирда ЎФА президенти Абдусалом Азизов иштирок этмаган ва биринчи вице-президенти Равшан Эрматов унинг номидан омад ҳамда муваффақият тилаган экан.

Жуда ғалати шундай эмасми? Жаҳон чемпионати бу жуда катта турнир. Айниқса, ўзбекистонлик футболчилар узоқ йиллардан буён мундиалга чиқа олишмаётганлигини инобатга олсак, ўзбекистонлик мухлислар учун ЖЧнинг қадри икки карра баландроқ.

Ўзбекистон футболи раҳбарияти ва хусусан, ассоциация президенти ҳам шундай фикрда, деб умид қиламиз. Ҳар ҳолда футзалчиларга ҳам кичкина пул сарфланмаяпти уларнинг турли узоқ ўлкаларда йиғин ўтказиши ва ўша ердаги уларнинг “иссиқ-совуғи” ўз-ўзидан бўлиб қоладиган жараён эмас. Бунга давлатнинг маълум миқдордаги сармояси сарф қилинган ва қилинади.

Абдусалом Азизов мундиал олдидан терма жамоа билан учрашиб, шахсан ўзи уларни илҳомлантириб, сўнг ЖЧга кузатишса, мақсадга мувофиқ бўлар эди, бизнингча. Натижа яхшироқ бўлиши учун манашундай кичик деталлар ҳам аҳамиятли. Қачонки, натижа яхши бўлса, шунда ҳукумат ҳам халқ ҳам бу йўлда сарфланаётган маблағлардан мамнун ва рози бўлар эди.

ЎФА президенти футзалчиларни мундиалга кузатиш маросимига келмаган экан умид қиламизки, бунга арзигулик сабаб бўлган. Бу арзигулик сабабни билгандан кейин Ўзбекистон терма жамоаси футзалчилари ҳам турли ўй-у фикрлардан холи бўлган ҳолда. Чиройли натижага ҳақида бош қотиришни бошлашади.

Ҳар ҳолда “нима учун ассоциация президенти Жаҳон чемпионати олдидан биз билан учрашмади?” деган савол уларни ҳам қийнаётган бўлса ажаб эмас.