Ижтимоий тармоқларда Қўрғонтепа туман прокурори Ободонлаштириш бошқармаси ходимларини ноқонуний равишда ўз уйида ишлатганлиги тўғрисидаги хабар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан “Адолат” партияси Сиёсий кенгаши раиси, Ўзбекистон президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимов ўз муносабатини билдирди.

Кейинги йилларда коррупцияга қарши курашиш нафақат давлат идоралари ходимлари, балки жамоатчиликнинг ҳам олдида турган долзарб вазифалардан бирига айланди. Жиноятчиликнинг бу турига жамият ривожига тўсиқ бўлувчи омиллардан бири сифатида қаралиб, унга қарши курашишни кучайтириш мақсадида қатор қонун хужжатлари қабул қилинди. Бу билан кўпчилик коррупция кечирилмас жиноят эканлигини тушуниб етди.

Ҳар қандай қонуннинг ижроси кўп жихатдан қонун ҳимоячиларига боғлиқ. Агар қонун ҳимоячиларининг ўзи унга зид равишда иш тутсачи? Ижтимоий тармоқларда Қўрғонтепа туман прокурори Ободонлаштириш бошқармаси ходимларини ноқонуний равишда ўз уйида ишлатганлиги тўғрисидаги хабар тарқалди. Шу сабаб бугун бу савол жамоатчилик эътиборини тортди.

Кўрсатилишича, Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари иш вақтида прокурорнинг ҳовлисида “ўз ихтиёри” билан ишлаган, уларга ажратилган иш ҳақи давлат корхонаси ҳисобидан тўланган. Жаноб прокурор мард бўлиб ўзгалар меҳнатидан фойдаланибди, иш ҳақини ҳам бюджетдан эмас ўз ҳисобидан тўласинда энди.

Кўпчилик коррупция деганда порахўрлик, ноқонуний пул олди-бердисини тушунади. Лекин бу иллат шохдор бўлиб, мансабини суистеъмол қилишнинг ҳар қандай тури коррупцияга мисол бўла олади. Қўрғонтепадаги мазкур ҳолат ҳам коррупциянинг ўзгинасидир.

Ҳашар – азалий ва миллий қадриятимиз, у ободликка бешик. Лекин, афсуски, мазкур вазиятда коррупцион ҳолатга “ҳашар” ниқоби кийгизилиб, икки карра жиноятга қўл урилмоқда (коррупция ва ёлғон). Ободонлаштириш бошқармаси ходимларининг ҳам иш вақти ва қуввати чегараланган. Қанийди прокурорнинг уйига сарфлаган вақт ва меҳнатларини юртимизнинг бирор маскани чирой очишига бағишлай олганларида…

Қонун барчага баробар. Шундай экан уни ҳимоячилари ҳам бунга амал қилишга мажбур.

Шу ўринда ободонлаштириш бошқармаси раҳбарларига ҳам эътироз бор. Нега улар ўз ходимлари ҳуқуқини ҳимоя қилиб, меҳнатларидан мақсадли фойдалана олмаяпти? Бундай илтимос (тўғрироғи топшириқ) билан чиққан прокурорга нега рад жавобини беролмайди? Тили қисиқ жойи борми? Хатолари фош бўлишидан қўрқадими? Ходимлар-ку, бир содда, оддий одамлар, аммо раҳбар прокуратурага қарам ташкилот эмаслигини англаб, ўз сўзини айта олиши керак эди-ку. Бундай лаганбардорликлар қачон барҳам топади?

“Адолат” СДП коррупцияни илдизи билан қуритишга интилаётган сиёсий куч сифатида бундай иллатли ҳолатларга жўяли ва жиддий чора кўрилиши ва қайта такрорланмаслиги учун изчил курашиш тарафдори”, – дейди Баҳром Абдуҳалимов.