Қарағанда вилояти ер муносабатлари бошқармаси бошлиғи Калел Мақсутов даб-дабали тўй ўтказгани сабаб вазифасидан озод этилди. Бу ҳақида Tengrinews.kz портали хабар бермоқда.

Қарағанда вилояти ҳокими вилоят ер муносабатлари бошқармаси бошлиғи Калел Мақсутовни ишдан олди. У карантин пайтида қизининг тўйини ўтказганликда айбланган. Ҳоким ўз қарорини Қарағанда вилояти ҳокимлигида ўтказилган аппарат йиғилишида эълон қилди.

“Бугундан бошлаб ер муносабатлари бошқармаси бошлиғи Максутов Калел Мукатаевич карантин қоидаларини қўпол равишда бузилиши – пандемия пайтида тўй тадбирлари ташкил этилиши муносабати билан лавозимидан озод этилди.

Ҳаммани яна бир бор огоҳлантираман: бундай нотўғри иш учун жазо жуда қаттиқ бўлади. Бу ерда давлат хизматчисининг барча хизмат этикаси нормалари бузилган. Коронавирус инфекциясига қарши кураш соҳасида амалга оширилаётган улкан ишларга зид равишда иш тутманг.

Аҳолининг ҳафсаласини пир қилманг. Вазифангиз ёки иш жойингиздан қатъи назар, сиз жавобгар бўласиз!”- дейди Женис Қосимбек.