Қашқадарёда эркак ўзини калтаклаган маст қариндошини белкурак билан ургани хабар қилинганди. Бош прокуратуранинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Хабар қилинишича, Китоб тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси бошлиғи фукаро С.Б.нинг тан жароҳати олгани юзасидан тўпланган материаллар билан танишиб чиққан. Унда Панжи маҳалласида яшовчи Х.Ғ. қайнсинглисининг ўғли С.Б.ни қўйларига укол қилдириш учун уйидан ўзи раҳбарлик қилаётган фермер хўжалиги дала майдонига олиб кетгани аниқланган. У ерда ишини битиргач, иккаласи 3 шиша спиртли ичимлик ичиб, дам олиб ўтирган вақтда С.Б. маст ҳолатда ҳеч бир сабабсиз Х.Ғ.нинг тўғри келган жойига қўл ва оёғи билан уриб-тепиб, қочиб кетган.

Қайд этилишича, Х.Ғ. ўзига келган вақтда С.Б. яна унинг олдига қайтиб келганини кўриб, ерда турган белкурак билан уни уриб, йиқитган. Уни эплай олмаганидан сўнг иккала қўлини боғлаб қўйиб, укасини чақириб, бериб юборган. Туман тиббиёт бирлашмасининг тиббий маълумотномасида С.Б.нинг бош мия чайқалиши, энса соҳасининг эзилиб йиртилган жароҳати, бурун суягининг ёпиқ синиши, ўнг томондан 5–6 қовурғаларининг ўрта қўлтиқости чизиғи бўйича синиши, аралаш шок 2–3 даражаси кўринишидаги тан жароҳатлари борлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолатда Жиноят кодексининг 105-моддаси (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) 1-кисмида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжудлиги сабаб жиноят иши қўзғатилиб, бўлинма бошлиғи юритувига олинган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.