Effect.uz ахборот агентлиги жорий йил 30-31 июль кунлари Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида жойлашган дала майдонида содир бўлган жанжал юзасидан «Сурхондарёда икки мактаб директорлари оилалари ўртасида катта жанжал бўлди» ва «Қурбоновлар «банда»си. Сурхондарёда икки мактаб директори бир оилани ўз томорқасида дўппослади» сарлавҳаси остида бирламчи маълумотларни оммага эълон қилди.

Ушбу маълумотлар бирламчи бўлишига қарамай ижтимоий тармоқларда бу мавзу кенг муҳокама қилиниб, кўплаб фойдаланувчилар Effect.uz ахборот агентлигини ишга бир томонлама ёндашилганликда айблади, аммо…

Гап шундаки, 29 июль куни таҳририятимизга Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидан мурожаат келиб тушди. Унга кўра бизга Жарқўрғон туманида содир бўлган воқеалар акс этган фото ва видеолар мурожаатчилар томонидан жўнатилган.

Шундан сўнг, ҳудудий журналистимизнинг қисқа маълумотига таяниб, сайтда воқеалар акс этган видео ва фотоларни эълон қилдик ва хабар сўнггида тўлиқ маълумот берилиши ҳақида эслатиб ўтдик.

Effect.uz ахборот агентлиги икки томоннинг кўрсатмаларини ўрганиб чиқди. Хусусан Жарқўрғон туманида жойлашган 26-сонли ва 60-сонли мактаб директорлари билан боғланди.

Ушбу ҳодиса бўйича видеони батафсил кўриш учун – ВИДЕО

Жанжал аслида нимадан бошланган?

(Воқеа гувоҳлари кўрсатмалари асосида тайёрланди)

Жорий йил 28 июль куни соат тахминан 18:00ларда ҳозирда Жарқўрғон тумани 26-сонли мактабда ишлайдиган яъни Қурбонов Тўйлининг қўлида ишлайдиган Расулов Давлат икки мактаб директорининг акаси бўлмиш Қурбонов Бахтиёрнинг ер ёнғоқ майдонида ўзининг қора молини боқиб турган бўлган.

Шу вақтда экин майдонида Расуловнинг молини кўрган Бахтиёр Қурбоновнинг ўғли Озодбек Ҳасанов (1-гуруҳ ногирони – таҳририятимизга маълум бўлишича) экин майдонидан молини ҳайдашни сўраган. Бироқ Расулов Давлат унга қаршилик билдириб, Озодбекни шерикларининг олдида дўппослаган.

«Мен воқеа жойига борганимда, Расулов Давлат ҳам Озодбек Ҳасанов юзлари тилинган, қошлари ёрилган ҳолатда бўлган экан. У ерда Давлатнинг отаси Жовбўриев Абдурасул, Расулов Исломбек, менинг 2000 йилда туғилган укам Озодбек Ҳасанов ва 2003 йилда туғилган Бунёд Ҳасановлар турган экан. Улардан воқеа аслида қандай бўлганлигини сўрадим, аммо улар саволимга жавоб беришмади. Чунки уларнинг руҳий ҳолати яхши эмасди. Мен жанжалга аралашмадим ва шунчаки уларни ажратишга ҳаракат қилдим», – деди воқеа гувоҳларидан бири.

Ушбу воқеадан кейин Озодбек Ҳасановнинг отаси Қурбонов Бахтиёр ва Қурбонов Асқар воқеа жойига келишган. Шундан сўнг икки оила ўртасида яна муштлашув содир бўлган.

Жовбўриев Абдурасул ва Қурбоновлар оилалари ўртасида жанжал жиддийлашиб кетган ва тахминларга кўра, Жовбўриевлар қўлларига таёқ олиб Қурбоновларга ҳужум қилишган. Жарқўрғон туманининг 26-сонли ва 62-сонли мактаб директорлари Қурбонов Панжи ва Қурбонов Тўйли воқеа жойига келишган ва жанжални тўхтатишга муваффақ бўлишган.

Жанжал натижасида 8 нафар одам жароҳатланган. Улар қаторида икки мактаб директори (ўртача тан жароҳати) ва ўқитувчи Расулов Давлат (ўртача тан жароҳати) бор.

Жовбўриев Абдурасул оиласи жанжал ҳақида нима деди?

Жовбўриевлар оиласи Effect.uz ахборот агентлигига видео йўллади. Улар ўзларининг видео мурожаатларида воқеа жорий йилнинг 28 июль куни соат тахминан 18:00 бўлганини маълум қилишди.

Уларнинг маълум қилишларича, Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани 61- сонли мактаб директори Қурбонов Панжи ва 26-сонли мактаб Қурбонов Тўйли ва шу мактабнинг директор ўринбосари Қурбонов Бахтиёр ўзларининг фарзандлари ва яқинлари билан келиб Жарқўрғон тумани «Қумқўрғон» қишлоғида истиқомат қилувчи оиланинг тинчини бузиб, уларни дўппослаб кетишган. Аёлларни бўлса куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлашган.

«Давлатимиз раҳбари шундай инсонларга раҳбарликни ишониб топширганми? Биз уларга қонуний чора кўришингларни сўраймиз. Қолаверса оддий фуқаролар ва маҳалла болалари бундай инсонлар қўлида ўқимасликлари керак. Буларнинг қўлида болалар қандай тарбия олади?», – дейди Жовбўриев.

Маълум қилинишича, Жарқўрғон туманида жойлашган 26-сонли мактабда таниш-билишчилик авж олиб кетган:

«Жарқўрғон тумани 26-сонли мактабни Қурбоновлар «состави» эгаллик қилиб олган. Мактабни директоридан бошлаб қоровулигача қариндошлари ишлайди», – деб қўшимча қилди Жовбўриев.

Маълум бўлишича, икки мактаб директорининг жабрланувчи оилага кўп йиллардан бери адовати бўлган.

«Бу зўравон раҳбарларга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тегишли чора кўрилишини илтимос қилиб қоламиз», – дейди Жовбўриевлар оиласи вакили.

Қурбоновлар оиласи жанжал ҳақида нима деди?

Effect.uz ахборот агентлиги икки мактаб директори билан 28 июль куни бўлган воқеа юзасидан суҳбатлашди:

«Биз бормаганимизда одам ўларди» – Қурбонов Панжи (Жарқўрғон тумани 61-сонли мактаб директори)

«Менга бегона йигит телефон қилиб жанжал бўлаётгани ҳақида хабар берди. Шундан сўнг мен акамга қўнғироқ қилдим ва жанжалга бориб тинчлантириш кераклигини айтдим. Жанжалга борган вақтимда ким, кимни уряпти кўрганим йўқ, ҳаёлим одам ўлмасин, бировга тан жароҳати етмасин деган мақсадда бориб, ажратдим, буни видеода ҳам кўриш мумкин. Лекин воқеа нимадан бошланганини билмайман. 

Агарда биз воқеа жойига бормаганимизда жанжал тўхтамасди ва у ерда одам ўлиши мумкин эди. Биз (Қурбонов Тўйли билан – таҳр.) бориб жанжални тўхтатиб ўзимизнинг яқинларимизни олиб кетдик. Аслида биз мактаб ҳудудидан ташқаридаги жанжалларга аралашишга ҳаққимиз йўқ, аммо бу жанжални инсонийлик томонидан тўхтатишимиз керак эди», – дейди мактаб директори Панжи.

«Битта буйраги йўқ, ногирон болани таёқ билан калтаклашди» – Қурбонов Тўйли (Жарқўрғон тумани 61-сонли мактаб директори)

«Менга жанжал ҳақида Қурбонов Панжи хабар берди ва иккаламиз биргаликда воқеа жойига бордик. Борганимизда жанжал катталашиб кетган, 15-20 нафар одам бор экан. Биз барчани тинчлантирмоқчи бўлганмиз, аммо биз айбдор бўлиб қолибмиз. Ушбу жанжалдан кейин улар «бизни ўғилларимизни ишлатмайди» деган фикрда бизни ишдан бўшатишларини хоҳлаяптилар. Мен арзимаган жанжални деб, уларни ишдан бўшата олмайман. Мактаб меники эмас, давлатникику. Шахсий адоватга келсак, улар билан ўртамизда ҳеч қандай адоват йўқ ”, – дейди Тўйли.

Ҳозирги вақтда Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани Ички ишлар бўлими масъул ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан ИИБ қўшимча равишда маълумот беришини маълум қилди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.