Ўзбекистонда болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари 2020 йилнинг олти ойига нисбатан 40,8 фоиз, жароҳатланганлар 44,9 фоиз, ҳалок бўлганлар эса 33,3 фоизга ортиб кетган. Сенатнинг ўн еттинчи ялпи мажлисида ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Юқори палата ахборот хизмати берган ахборотга кўра, ялпи мажлисда республика ҳудудида содир этилган йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ишлари ҳам тўғри ташкил этилмагани айтилган. Ўзбекистонда ҳайдовчиларни тайёрлаш ва улардан имтиҳон олиш тартиби билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги таъкидланган.

“Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сонли қарори билан тасдиқланган янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларини ҳам такомиллаштириш тақозо этилади. Мазкур қоидалардаги баъзи бандларнинг ўрни алмаштириб юборилгани оқибатида тегишли бандлардаги ҳаволалар мутлақо бошқа бандларга тааллуқли бўлиб қолмоқда. Йўл ҳаракати қоидалари 2015 йилда тасдиқланган бўлса-да, ҳайдовчилар ва ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳон олиш Давлат тест марказининг 2011 йил 29 июлдаги қарорига асосан ишлаб чиқилган ва Ички ишлар вазирининг 2011 йил 23 февралдаги буйруғи билан тасдиқланган тартибга мувофиқ қабул қилинмоқда. Тест саволлари имтиҳон билетларидаги йўл ҳаракати қоидаларига зид ёки маънавий, техник эскирган.

Ҳайдовчилар ва ҳайдовчиликка номзодлардан амалий имтиҳон олиш учун яратилган шароитлар ҳам талабга жавоб бермайди. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 декабрдаги 990-сонли қарорида белгиланган Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда замонавий ўқув автодромларини қуриш вазифаси шу кунга қадар биронта ҳудудда бажарилмаган. Бунинг натижасида эса сифатсиз таълим олган ҳайдовчилар томонидан йўл-транспорт ҳодисалари содир этилмоқда”, — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмаганлиги сабабли Республика бўйича 2021 йилнинг ўтган 6 ойи давомида жами 3,5 миллионга яқин, 2020 йилга нисбатан 40,8 фоизга кўп йўл ҳаракати қоидабузарлиги содир этилган.

Натижада, 3754 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 3170 нафар фуқаро жароҳатланган ва 954 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Энг ачинарлиси, ушбу ЙТХҲларда 458 нафар бола жароҳатланган ва 104 нафар вояга етмаган бола ҳалок бўлган. Ушбу рақамларни 2020 йилнинг олти ойи билан солиштирилса, жами йўл-транспорт ходисалар сони 57,2 фоизга, улардан ҳалок бўлганлар 30,5 фоизга, жароҳатланганлар эса 38,1 фоизга ортган. Болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари эса 2020 йилнинг олти ойига нисбатан 40,8 фоиз, жароҳатланганлар 44,9 фоиз, ҳалок бўлганлар эса 33,3 фоизга ортган.

Шунингдек, йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳам талаб даражасида эмас. Айрим ходимларнинг эса билим савияси ва ҳуқуқий маданияти бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Оқибатда, фуқароларнинг жиддий эътирозлари кун сайин ортиб бормоқда, дейиалди хабарда.

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.