Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари — вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Иқболжон Эргашев вилоят ҳокимлигида Хитойнинг “West China Cement Ltd” компанияси раиси Жи Мин Зҳангни қабул қилди.

Учрашувда томонлар Гонконгда рўйхатга олинган “ West China Cement” холдинг компанияси таркибидаги “West International Holdings Limited” компаниясининг Ўзбекистондаги, хусусан Фарғона вилоятидаги фаолияти, ўзаро ҳамкорлик алоқалари ҳақида мулоқот олиб боришди.

Вилоят ҳокими ўринбосари Иқболжон Эргашев Фарғонада ҳам кун сайин ривожланиш давом этаётганини, кўплаб бунёдкорлик ишлари, қурилишлар амалга оширилаётганлигини ва цемент маҳсулотига бўлган эҳтиёж ортаётганлигини айтиб ўтди. Ўз навбатида меҳмон Жи Мин Зҳанг вилоятнинг инвестицион салоҳиятини, инвесторларга кўрсатилаётган эътиборни, яратилаётган қулайликларни юқори баҳолади.

Шунингдек, “West International Holdings Limited” компанияси фаолиятига тўхталиб ўтди. Ҳозирда компаниянинг 7 та шўъба корхонаси ва 2000 дан ортиқ ходимлари мавжуд. Компания Хитойнинг Гонконг ҳудудида жойлашган бўлиб, глобаллашув тенденциясига мослашиш, функционал бошқарувни кучайтириш, корхоналарнинг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида Эфиопиянинг Аддис-Абеба шаҳрида Африка минтақаси учун халқаро бизнес штаб-квартирасини ташкил этган. “West International Holdings Limited” Жанубий ва Ғарбий Африкада катта обрўга эга.

Компания турли хилдаги анъанавий портленд цементини, нефт қудуғи цементини, кема қуриш цементини, экологик тоза агрегатларни, юқори сифатли бетонни ва бошқа янги экологик тоза қурилиш материалларини тегишли аккредитациялар билан ишлаб чиқаради.

Компания Фарғона вилоятида умумий қиймати 200 млн АҚШ доллари бўлган қуруқ клинкер цемент ишлаб чиқариш линиясини ташкил этиш, умумий қиймати 10 млн АҚШ доллари бўлган қурилиш учун тайёр метал конструкциялар ишлаб чиқарадиган завод қуриш, умумий қиймати 5 млн АҚШ доллари бўлган экологик тоза ва тежамкор қоплар ишлаб чиқариш лойиҳаларини ишга тушириш таклифларини илгари сурмоқда.

Ушбу лойиҳалар амалга ошгандан сўнг завод йиллик қиймати 245 миллион АҚШ доллари бўлган маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади ва 1000 та иш ўрни яратиш режа қилинган.

Учрашувда вилоят ҳокими ўринбосари Иқболжон Эргашев хориждан олиб келинадиган дастгоҳлар энг замонавий ва экологик талабларга тўлиқ жавоб берадиган бўлиши зарурлигини таъкидлади.

Томонлар лойиҳаларни тез суратларда амалга оширишда олдинда турган вазифаларни келишиб олдилар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.