Шуҳрат Мадаминович Ғаниев 1968-йил 11 сентябрда Марғилонда туғилган. 1985-йилда Тошкент қишлоқ хўжалиги институтига ўқишга кириб, уни 1992-йилда тамомлаган. 1987—1989-йилларда ҳарбий хизматни ўтаган. 1989—1996-йилларда — Фарғона вилояти истеъмолчилар бирлашмаси Марғилон базасининг этакчи мутахассиси. 1996—2000-йилларда — „Aгрокимётаъминот“ Марғилон минтақалараро акциядорлик компанияси бошқаруви раисининг ўринбосари, бошқарув раиси. 2000—2001-йилларда — „Aгрокимётаъминот“ акциядорлик бирлашмаси бошқаруви раиси. 2001—2002-йилларда — „Қишлоқхўжаликкимё“ акциядорлик бирлашмаси бошқаруви раиси.

2002—2004-йилларда — Ўзқишлоқхўжаликкимё давлат акциядорлик компанияси бошқаруви раисининг ўринбосари. 2005-йилда Тошкент кимё-технология институтини тамомлаган. 2004—2007-йилларда — „ Ўзкимёсаноат“ давлат акциядорлик компанияси бошқаруви раисининг, 2008-2011 йилларда — Фарғона вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари. 2011—2012-йилларда — Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи.2012—2020 йилларда — Фарғона вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси.

2019 йилда “Меҳнат Шухрати” ордени билан тақдирланган Шуҳрат Ғаниев 2020 йил 25 сентябрдан — Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, аграр ва озиқ-овқат масалалари бўйича комплекс раҳбари лавозимида хизмат қилиб келмоқда.

Фарғона…

2018 йилда Шуҳрат Ғаниев Ақтўбеда юз берган фожиа ва унинг оқибатлари муҳокамасига бағишланган селектор йиғилиши ўтказди ва йиғилиш давомида Тошлоқ тумани аҳолисини Фарғона вилоятини бутун Ўзбекистонга шарманда қилишда айблади. 2018 йил 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида ўзбекистонлик йўловчиларни олиб кетаётган автобус ёниб кетган эди. Ҳодиса оқибатида Ўзбекистоннинг 52 фуқароси ҳалок бўлди. Қурбонларнинг 16 нафари Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманидан бўлган.

Йиғилишда ҳоким Тошлоқ тумани вакилларини айблар экан, уларни бир неча бор “ҳаромилар!” деб ҳақоратлаган, “Падарингга ланъат!” деб айтган. Туман ҳокимига эса, агар у мард бўлса, “залдан чиқиб, йўқолиб кетишни” тавсия қилган. Ўз навбатида, Шуҳрат Ғаниев ўша йили  Тошлоқ туманидан ҳеч ким Ҳаж зиёратига юборилмаслигини таъкидлаган. Шунингдек, Тошлоқ туманидан бўлган қурбонларнинг оилалари учун “бечора вилоятдагилар” 80 миллион сўм тўплаб берганини айтган. Бундан ташқари, вилоят ҳокими ҳудуддаги масъул идораларга барча автотураргоҳ, бекатларда текширувлар ўтказиш, Россияга кетишда гумон қилинаётган шахсларни текшириш ҳақида кўрсатма берган.

“Ҳамма нарса менинг эсимда турибди. Булар Ново-Кокандский заводни беркитган. Тошлоқдан бориб, митинг қилиб беркитган, бирлик бўлиб, ҳаромилар. Тошлоқдан чиққан ҳаромилар бор эди, беш-олтита. Ҳаромилар! Ҳаромини ҳароми дейди! Кеча бозор бўйича ҳунар қилдинг… Тошлоқлик… Э, сан номардлар…

Шунинг учун, маҳалла, эшитиб олинг, сиз ҳам эшитиб олинг, Қамариддин Фаттоҳовичга ҳам айтдим: Тошлоқдан бирортаси Ҳажга бормайди. Бирортаси Ҳажга бормайди Тошлоқдан! Тириги ҳам бормайди, отаси ҳам бормайди! Тошлоқдагиларнинг ҳаммаси маҳрум бўлди!

Шунинг учун, бориб, жойида хулоса чиқариб, ҳисоб-китоб қиласиз, тушунарлими? Тошлоқда ўтирган анави аҳмоқ билан савол-жавоб қилишнинг ҳожати ҳам йўқ. Энди бўлари бўлиб бўлди, эшитиб қўйсин Тошлоқдагилар ҳам. Яна бечора вилоятдагилар ҳомийлик қилди, 80 миллион сўм. Мана, ҳозир бош вазиримиз айтдилар, 5 миллион сўмдан деб. Мен буни таъна қилиш учун гапираётганим йўқ.

Бирортаси бормайди зиёратга! Ҳаммасини ўчирасиз! Биттаси ҳам бормайди! Билиб туриб, кўриб туриб… Ҳаммаси 20—22 яшар йигитлар. 1999 йилда туғилгани ҳам бор битта. Уйланмаган йигитларни олиб кетаверадими? Ота-онаси нима қилиб юрибди? Энди бечора участковой айбдор бўлади. Маҳалла эса турибди у ерда, тишини кавлаб.

Эртага ёзса ёзаверсин менинг устимдан: “Ғаниев Ҳажга бормайсан деди, фалон деди, пистон деди”, деб. Митинг қилганлар шулар бўлади. 2005 йили, Тақир деган жойда ички ишлар ходимларига тош отиб қувган ҳам шулар бўлади. Ҳаромилар!..

Икки-учтадан хотин қилгани ҳам Тошлоқдан! Шаърий никоҳ ўқиб берган мулласи ҳам Тошлоқдан! Хотинларини қўйвориб, болалари билан етим қилиб, алимент тўламай юргани ҳам Тошлоқдан! Падарингга ланъат! Сан Тошлоқдагиларнинг бир жойинг йўғон бўлиб кетган бўлса… […]га юбориш керак Тошлоқдагиларни, ҳокимидан бошлаб. Ҳаромиларни!

Вилоятни бутун республикага шарманда қилганлар. Бозорни устидан ёзадиган ҳам Тошлоқдан. Бозорда бир-бири билан эшакминди ўйнайдигани ҳам Тошлоқдан. Қўлингдан келмаса, чиқиб кет ҳозир залдан, ҳоким бўлиб ўтирмасдан! Мард бўлсанг, шундай чиқ-да, йўқолиб кет! Йўқолиб кет! Номард!” – деган Шуҳрат Ғаниев.

2018-йил 21-июнь куни видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев:

“Нега мен Фарғона вилояти ҳокимидан норозиман … Кечирасиз, лекин у менга колхоз раисини эслатади. Мен бундай одам билан ислоҳотлар ўтказолмайман” – деган эди.

Фарғона вилояти ҳокими бўлиб ишлаган пайтларида  Шуҳрат Ғаниев вилоятдаги иш жойларида намоз ўқишга шароит яратиладиган ҳолатлар аниқланса ўша корхона раҳбарига жиноят иши очилишини маълум қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокими бошчилигида ўтказилган йиғилишда айтилади. Шунингдек, Шуҳрат Ғаниев олдида ким бўлишидан қатъий назар, рўмол ўраб олган аёлга кўзи тушса унинг рўмолини ўша туман ҳокими оғзига тиқиб қўйиш билан таҳдид қилди.

Йиғилишда ҳоким ҳижоб маданиятига риоя этмаётган аёллар аниқланиб, 300 нафарининг ташқи қиёфаси ўзгартирилганини ҳисобот берган. Фарғона вилоят ҳокими вилоятга келган меҳмонларнинг ҳам соқолини олишни талаб қилган. Шунингдек, у Марғилонда лозим, яктак ва бошига дўппи кийиб ётган беморни кийими учун шифохонадан чиқариб юборганини айтиб мақтанган. У Қува туманида қўшма корхона очган туркиялик сармоядорга соқолини олиш ҳақида гапирганини айтган.

“Мен айтдим, яхши қўшма корхона очибсизлар раҳмат. Лекин бунақа соқолни қўйиб олманглар. Чет эллик меҳмон, лекин бу шу ерда фаолият юритиб тирикчилик қиладиган бўлса, Ўзбекистон қонунларига бўйсунишга мажбур бўлади ва соқолини оламиз биз. Туркия республикаси фуқаросини. Шундай дедимми?”, — дейди у Қува тумани ҳокимига. Қува тумани ҳокими вилоят ҳокимининг гапини тасдиқлаган ва ундан сўнг ўзлари яна гаплашиб олганини таъкидлайди.

Вилоят ҳокими Марғилон шаҳрида “Ипакчи” бозорида автотураргоҳни бошқараётган тадбиркорнинг соқолини қандай олдирганини гапирган. “Катта “автостоянка”ни биттаси бошқаряпти. Соқолни қўйиб олган. Бошига шиаларнинг дўпписини кийиб олган. “Автостоянка”да турибди. Шаҳарнинг ҳокимини чақирдим. Гапир нима бўлганини”, — дейди Шуҳрат Ғаниев. Шунда Марғилон шаҳар ҳокими туриб соқолли эркакка тушунтириб, соқолини олишгани ҳақида ҳисобот беради. “Ўша “Ипакчи” бозори раҳбарини алмаштиришинг керак эди ўша куни. Нимага олмадинг. Олиб ташланг уни бозордан. Падарига лаънатни ўзини олиб кириб тиқиб ташланг”, — дейди Шуҳрат Ғаниев.

Ҳокимга кўра, Фарғона вилоят ҳудудидаги бозор-савдо комплексларида фаолият олиб бораётган тадбиркорларнинг, такси ҳайдовчиларнинг ташқи қиёфаси, ҳудуддаги ташқи реклама баннерларига ҳудуд мутасаддилари, ҳокимлар етарли даражада эътибор қаратмаяпти. Вилоят ҳокими кунлик маълумотларга асосан Риштон тумани Бўстон қишлоғининг “Барака” бозорида диний адабиётлар билан шуғулланаётган савдо шохобчаларининг мавжудлиги аниқланганини айтган. Унга кўра, тадбир давомида рухсат этилмаган, махсус голограммасиз диний адабиётлар савдоси билан шуғулланаётган 3 нафар шахс аниқланиб, улардан 190 дона давлат тўнтариши қиладиган китоблар мусодара қилинди.

“Риштондаги номардлар, шунақа китоблар тарқатасан уруғингга ўт тушиб кетсин сен Риштондаги… Уруғингга ўт тушиб кетади сен номардларни. Қани тур, ҳов Риштоннинг ҳокими?”, — дея туман ҳокимига дакки берган Ғаниев. У маҳалла раиси ҳаммасини ишдан олиб ташлашни ва уларни 5 суткага қамашни буюрган: “Ички ишлар ва судьяларни ҳам чақириб, ҳурматли ҳоким. Маҳалла фуқаролар раисини ҳам беш суткага жарима қилиб қамайсизлар. Бунақа маҳалла раиси ҳам керакмас, посбони ҳам керакмас. Риштоннинг хотин-қизлар қўмитасини ишдан олиб ташланглар”. У прокурорга китоб сотишда айбланаётган 3 нафар аёлнинг ҳаммасидан тушунтириш хати олиб, жарима солишни айтган.

Вилоят ҳокими унинг тақиқлашига қарамасдан у юборган жойларга рўмолли журналистни қўйишганига дакки берган. Аниқланишича, гап вилоят телевидениеси ишлайдиган рўмолли журналист ҳақида борган. Вилоят ҳокимига журналистнинг Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича эксперти Диего Гарсия-Саянни кутиб олиш учун аэропортга рўмол ва рангли кўйлакда чиққани ёқмаган. Аёл ўша куни БМТ маърузачиси келгунча касбий фаолиятига тўсқинлик қилиниб, аэропортдан кетказилган.

“Мен кеча битта журналистни ҳайдаб юборсам, бугун яна ўша журналистни мани автобусимда олиб юришган. Ҳайдаворсам, тадбиркорлар билан автобусда олиб юришибди, аёл кишини. Яна олиб юришибди. Мундай қилиб кириб келади, липпанглаб”, — дея ўз норозилигини эълон қилган ҳоким. Шундан сўнг туман ҳокимларига рўмол ўраган аёллар борасида огоҳлантириш берган. “Ҳурматли ҳокимлар эшитиб олинглар. Бирортанг мажлис қилсанг, ман борсам ўша кийимда ўтирган аёл кишини кўрсам. Маҳалла раисими у, ўқитувчими у, жамоатчими у, депутатми у ўша рўмолини олиб оғзингга тиқиб қўяман”, — дейди Шуҳрат Ғаниев. У ушбу сўзларини ҳоким ва ҳоким ўринбосарларига ёзиб олишни буюрган.

Шунингдек, Шуҳрат Ғаниев замонавий кийимларни реклама қилишга мўлжалланган реклама баннерлари ва плакатларда ўзбек миллий қадриятларига хос бўлмаган ташқи кўринишда, соқол билан, ҳижобда турли жойлари йиртилган ёки ямоқ солинган рекламалар кетаётганини таъкидлаб, вилоятдаги ташқи реклама билан шуғулланадиган уч фирмага 300 миллион сўмдан жарима солиш топшириғини берган. Вилоят ҳокими Ўзбекистон Конституциясига амал қилмаганларни қамаш кераклигини, ёки бозорга сартарош олиб бориб биттадан юриб сочини олиб, соқолини олиб бошига Ўзбекистон Республикаси миллий қадриятларига мос бўлган қалампир нусха дўппини кийгизиб қўйиш таклифини берган.

У муаммолардан шикоят қилувчиларга ҳам алоҳида тўхталган. “Ватан равнақига ўз ҳиссасини қўшишнинг ўрнига олиб борилаётган давлат ислоҳотларини муҳокама қилиб, давлат ислоҳотларига ғийбат қилиб, уларнинг туб моҳиятини тушуниб етмасдан, юртимизни жаҳон ҳамжамияти олдида қоралаш мақсадида ғайри ишлар билан шуғулланаётган шахсларда бўхтон маълумотлар етказиш урфга айланди. Пулнинг эвазига. Олдин Facebook’ка киради, ундан кейин ‘Таблиғи жамоат’ деганига ўтади. ‘Таблиғи жамоат’ дегани, жамоат бўлиб яшаш дейди. Эркак эркак билан яшайди. Унинг ҳеч қанақанги Исломга, муқаддас динимизга алоқаси йўқ унинг. Улар газандалар. Ундан кейин анунга ўтади, ‘Жабҳат ан Нусратия’ дегани бор, падарингга лаънат”, — дейди ҳоким.

Шуҳрат Ғаниев бир неча кун олдин Марғилон шаҳридаги шифохоналарнинг бирида оқ яктак-иштон ва оқ дўппи кийиб олган беморни қандай қилиб қувиб солганини йиғилганларга айтиб берган. “Болница”да нима ҳаққи бор, оқ иштон, оқ лозим кийиб олиб бошида оқ дўппи кийиб олиб ётишини. Нима ҳаққи бор? Шифохонага кўрганлар келса, Марғилонда, биттаси ётибди. Мандан 5 ёш кичкина экансиз-ку, дедим. Бу нима кийим? Нечи кун бўлди, бу кийимни кийганингизга, иштон билан кўйлакни, дедим. 4 кун бўлди, деди. Нима бу кийиниш, ичкари кўриниб ётибди-ку. Сизга кириб укол қилаётган аёл бировнинг аёли, нима ҳаққингиз бор кўрсатишга, дедим. Сасиб ётибсиз-ку, дедим. Тур, чиқариб ҳайдавор, дедим. “Болница”дан чиқартириб юбордим. Устингдан ёзаман, палон пистон. Ёзсанг ёзавур дедим”, — дейди у.

Вилоят ҳокими чақалоққа “тўғри” исм қўймаётган ота-оналарни ҳам тилга олган. Уларнинг орасида Месси ва Роналдулар ҳам бор. “Чақалоқларга буюк аждоларимиз исмларини қўйиш ўрнига, болаларга, янги туғилган гўдакларга бошқа миллат вакилларининг, террористик ташкилот раҳбарларининг исмини қўйиш ҳолатлари — бу факт. Усома деган от қўйган. Мужоҳид деган от қўйган. Форуқ деган от қўйган. Месси деган от қўйган, Роналду деган от қўйган”. Туғилганлик тўғрисида гувоҳнома берадиган ташкилотлардан бу исмларни ўша вақти ўзгартириш талабини қўйди ҳоким.

Фото: Daryo

Ҳоким ўз ўрнида собиқ Иттифоқни ҳам эслаб ўтган. Унга кўра у вақтда оддий ҳолатлар учун ҳам одамлар терговга жалб қилинган. Ҳоким вилоятдаги диний уламолар ва имомларни бу ҳақда гапиришга тарғиб қилади. “Нимага индамайди олим-у уламоларимиз? Гапирса ўлиб қоладими? Бувайдани имоми гапирса ўлиб қоладими? Битта нарсани эсдан чиқарманглар. Мамлакатимиз конституциявий, демократик давлат. Бизнинг мамлакатимизда дин давлатдан ажратилган. Дунёвий давлат”. Ҳокимга кўра, жаҳонда 260 давлат бўлса ҳаммасиям дунёвий давлат эмас.

“Дунёвий давлат бўлиш жуда қийин. Дунёвий давлат дегани ҳамма тенг ҳуқуқли дегани. Лекин буни бузиб кўрсатиш ҳозир жиноий жавобгарликка тортилади”, — дейди Ғаниев. Шуҳрат Ғаниев вилоятдаги ҳужраларда диний таълим олишни ҳам қоралаган. “Болаларни жиннига айлантиряпти”, дейди у ҳужралар тўғрисида гапираркан. “Яна баъзи бир ҳолатларда масжидларда ҳокимият, ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан ҳозирги кунда мувофиқлаштириш бўйича олиб борилаётган ишларга беписанд қараб, ҳокимият вакилларини обрўсизлантириш масалаларига эътибор берилган”. Ғаниев ана шундай масжидлар сирасида Данғара туманидаги Саид Аҳмадхон Ҳожи масжиди, Учкўприк туманидаги Хўжа Муҳаммад Вале масжиди, Олтиариқ туманидаги Шоҳи Толиб масжидларии санаб ўтиб уларни ёпишга топшириқ берган.

“Учкўприк туманидаги Хўжа Муҳаммад Вале масжиди, Олтиариқ туманидаги Шоҳи Толиб масжиди шу туман ҳокимлари шу масжидларнинг имоми, ноиби, мутаваллиси, балосими бадтари ҳаммасини ҳайдавор”, — дейди у. Ҳокимга кўра, бу масжидларда мансабдор шахслар устидан ариза ёзиш билан шуғулланган. “Диний вазиятни соғломлаштириш бўйича маҳаллий ҳокимият идоралари олиб бораётган тадбирларни обрўсизлантириб, ушбу йўналишда фаолият юритаётган мансабдор шахслар устидан ноқонуний аризалар ташкил этиш билан шуғулланган”, — дейди Ғаниев.

Вилоят ҳокими, шунингдек, ноқонуний шаръий никоҳ ўқиган имомларни ҳам қоралаган. У Қўштепа туманидаги Нуқрон масжиди имом хатиби, Фарғона туманидаги Дамкўл масжиди имом хатиби ва имом ноиблари ноқонуний никоҳ ўқиган, деган.

“Ҳозир Нуқроннинг ҳам ўша имомини олиб бориб қамайсан, Фарғона тумани Дамкўлнинг имомини ҳам олиб бориб қамайсан эй, иккала ҳоким. Ўзинг бориб қаматасан ҳозир. Эшитдингми, эй гапимни Фарғона туман ҳокими?”, — дейди Шуҳрат Ғаниев. Вилоят ҳокими яқин ўтган кунларда тарғибот билан шуғулланган 39 нафар фарғоналик жиноий жавобгарликка тортилиш учун ҳибсга олинганини маълум қилган.

“Агар бирорта мактабда, бирорта шифохонада, давлат идораларида у ким бўлишидан қатъий назар. Халқаро ташкилотларда, ишлаб чиқариш жойларида ноқонуний намозхона ташкил қилиб берсаларинг жиноий жавобгарликка тортиласизлар. Ё мумкинми у қонунда прокурор?”, — дея прокурордан сўраган у.

Вилоят ҳокими Ғаниевнинг таъкидлашича, ҳокимият, банк, мактаб, солиқ идораларида намоз ўқийдиган хона ташкил қилиб, Ўзбекистон Республикаси қонунларини бузган шахслар қонун билан жазоланади. Ҳокимга кўра вилоятда жуда катта ишчи гуруҳи ишлаяпти. “Қайси шаҳар ё туманда, агар давлат ташкилоти раҳбарлари, уларнинг ходимлари қонун бузадиган бўлса, масалан, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида агар битта ноқонуний соқол қўйган одамни топсанг Фарғона нефтни қайта ишлаш корхонаси раҳбари ва ўша касаба уюшмаси раҳбари иккаласи жиноий жавобгарликка тортилади. Фарғона шаҳар ҳокими эшитяпсизми? Агар хулоса қилинмайдиган бўлса яхшиликка олиб келинмайди”, — дейди у.

2019 йил сентябрь ойида ижтимоий тармоқларда Шуҳрат Ғаниевнинг селектор йиғилишида соқол, рўмол масаласида билдирган нутқининг аудио ёзуви эълон қилингани жуда катта муҳокамаларга сабаб бўлган, ҳокимнинг бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзосининг бундай ҳаракати юқори палата комиссиясида кўриб чиқилиши ҳақида Сенат раиси Танзила Норбоева ҳам маълум қилган эди.

2019 йил 30 сентябрь куни Олий Мажлиси Сенатининг йиғилишида Фарғона вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев масаласи кўриб чиқилди. Йиғилишда Шуҳрат Ғаниевнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган нутқи жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилиб келинаётгани, унинг хатти-ҳаракатлари кенг омма орасида эътирозларга ва норозиликларга сабаб бўлаётгани муҳокама қилинди. Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев сенаторлар қаршисида айбини тан олди, унга қаттиқ огоҳлантириш ва 3 ой синов муддати берилди.

“Менинг гапларим ижтимоий тармоқларда тўғри муҳокама бўлди. Буни тан олиш келажакда тўғри хулоса чиқаришга йўл белгилаб беради. Албатта менинг ота-онам ҳам, авлодларим ҳам миллий либосда кийинади. Мен ҳам ўз уйимда миллий либосда кийинаман. Шу куни одам қуюшқондан чиқиб кетиши ёки ўзини боса олмаслиги фақат ўзимнинг айбим. Мен айбдорман, имконият берсаларинг фақатгина меҳнат қиламан.

Тўғри, меҳнат қилишнинг ҳам, ҳамма нарсанинг хулосаси бор. Аввало мен Давлатимиз раҳбари, менга юксак ишонч билдирган муҳтарам Президентимиздан ўтиниб-ўтиниб кечирим сўрайман. Ҳурматли сенаторлар, сизлардан кечирим сўрайман. Имконият берсаларинг, хулоса қиламан. Лекин мен айбдорман, айбимни тан оламан. Албатта ҳар кимга ҳам ҳеч қанақа, бунақа ваколатлар бериб қўйилмаган. Раҳбар ҳар қандай жойда юксак ишонч билдирилганини хулоса қилиб, билиши керак. Албатта мен ҳар қандай жазога лойиқман. Минг бор узр”, — дейди Шуҳрат Ғаниев.

2019 йил декабрда ижтимоий тармоқларда ўша дамларда Фарғона вилояти ҳокими вазифасида хизмат қилаётган Шуҳрат Ғаниевники экани айтилаётган овозли ёзув тарқалди. Унда ҳоким  2019 йилнинг 2 декабрь куни ўтказилган селектор йиғилишида Қувада газ йўқлигига норозилик билдириб, автомобиль йўлини тўсиш воқеасини ижтимоий тармоққа қўйган шахснинг “жанозаси ўқилмагани” учун Қува тумани ҳокимини тергагани қўшимча қилинган эди. Овоз эгаси Қува тумани ҳокими Равшан Қурбоновга бақираётгани айтилади. Ҳоким эса жавобида Шуҳрат Мадаминович деб мурожаат қилади.

– Мана кеча, Қувада, қарзни тўлаб қўйишни ўрнига нима бўляпти, Қувада? Ким экан ўша, телефонда гапирган, ўша кўчага чиқволиб мошиналар ўтяпти мана ҳозир… А, оооов туман ҳокими?

Қува тумани ҳокими: – Саломалейкум.

Шуҳрат Ғаниев: – Саломалейкум. Қани ўша?

Қува тумани ҳокими: – Шуҳрат Мадаминович, аниқлаштир деганингизга аниқлаштириш….

Шуҳрат Ғаниев: – Аниқлаштириш керак эмас, қачон ўқилади унинг жанозаси?

Қува тумани ҳокими: – Чорасини кўрдик…

Шуҳрат Ғаниев: – Чора кўриш эмас бу оғайни, жанозаси ўқилса, кейин ҳисоб энди уни.

Қува тумани ҳокими: – Тушунарли…

Шуҳрат Ғаниев: – Нима деганинг у тушунарли.

Қува тумани ҳокими: – Мана режа туздик ҳозир бошланди…

Шуҳрат Ғаниев: – Катта холангикига бошландими? А? Аммангни сумалаги бошландими? Ҳосил байрамидан маҳрум бўлдинг, тамом.

Фарғона вилояти ҳокимияти Матбуот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов аудиоёзувга оид фикрларини хорижий оммавий ахборот воситаларига баёнот шаклида бергани, яна ўша гапларда собит туришини қайд этди.

“Биринчидан, аудиоёзув монтаж қилинганга ўхшайди. Сўзлар аниқ эмас. Узуқ юлуқ бир-бирига улангани шундоқ билиниб турибди. Бундай ёзув ишончга сазовор эмас. Иккинчидан, ҳосил байрамидан ҳеч ким маҳрум қилинган эмас. Вилоятнинг барча туманлари, жумладан қуваликлар хам иштирок этганлар.

Учинчидан, бу аслида кимнинг овози, бу ҳам мунозарали. Тўртинчидан, ҳатто бу етказувчининг манфаати йўлида қайта монтаж қилинган ёзув бўлсада, у ички, тор доирада ўтган йиғилишдаги ҳокимлик тизими ходимларига нисбатан айтилган бўлиши керак”, деган Обидов.

Маълумот ўрнида, ижтимоий тармоқларда марғилонлик тадбиркор Дилмурод Жалилов Telegram каналида 2019 йил 29 ноябрь куни видеомурожаат тарқалган эди. У Марғилонда газ ва свет йўқлиги ҳақида гапира, халқни қийнаëтган муаммоларни ҳал қила олмаëтган Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевдан истеъфога чиқишни сўраган эди.

Депутат жияннинг Шуҳрат Ғаниев ҳақидаги фикрлари

2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев амакиси –Шуҳрат Ғаниев ҳақида фикр билдирди. Д.Ғаниев ҳокимнинг жияни (акасининг ўғли) эканига оид гап-сўзлар рост эканини таъкидлаб, амакиси ҳақиқатда зиддиятли шахс бўлиб, жамоатчиликда у ҳақда яхши тасаввур шаклланмаганини очиқ эътироф этди. Бироқ унинг ўта меҳнаткаш, талабчан, юртига ва давлат раҳбарига садоқати борасида ҳатто шубҳага ўрин йўқлигини алоҳида қайд этади.

Дониёр Ғаниевга кўра, “ҳокимнинг жияни” экани унга ҳеч қандай имтиёз тақдим этмаган, “пропискам бўлмагани учун ўз вақтида Тошкентда ишлай олмаганим, дипломим нострификация қилинмагани (Д.Ғаниев Буюк Британиядаги “Oxford Brookes” унверстиетида таҳсил олган, ихтисослиги – бухгалтер-аудитор) учун давлат ташкилотига ишга жойлаша олмаганимда ҳам мен ҳокимнинг жияни эдим. Тадбиркорлик билан шуғулланган пайтимда банкдан кредит олишда муаммоларга дуч келганимда ҳам – ҳокимнинг жияни эдим. Қисқаси, ҳокимнинг жияни эканим менга қандайдир имтиёз бермаган”, мазмунида гапиради у.

Шунингдек, Дониёр Ғаниев маҳаллий бошқарув органига ишга жойлашиб, хизмат поғоналарида тезда кўтарилгани, шунингдек, номзоди депутатликка кўрсатилишида амакисининг таъсири бўлганини инкор қилмайди. Бироқ ҳозиргача нимага эришган бўлса, ўз меҳнати ва ҳаракати натижаси эканини таъкидлайди.

Дониёр Ғаниев Олий Мажлис депутатлигига 11-Марғилон сайлов округидан сайланган. У парламент қуйи палатасининг ёш ва энг фаол саноқли депутатларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, ўзининг бир қатор танқидий чиқишлари билан яхши танилган.

Президент эътирофи

2021 йил 5 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгашининг навбатдан ташқари 26-сессиясида давлат раҳбари вилоятнинг собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳақида сўз юритди:

“Ғаниев кимгадир ёқади, кимгадир ёқмайди. У бош вазир бўлган пайтимдан бери ёнимда юрибди. Унинг энг катта буюк фазилати бор, у ҳалол, тоза ва ҳаловати йўқ одам. У ўзини юз фоиз ишга бағишлаган. Фарғона халқининг оғир, синовли кунларида жуда катта иш қилди, ўзини кўрсатди. Фарғонада қаттиққўллиги, билими билан вилоят ривожига катта ҳисса қўшди. Уни Фарғонадаги тажрибаси, ҳалоллигини инобатга олиб, мамлакатдаги энг оғир соҳа – қишлоқ хўжалиги соҳасига масъуллардан бири қилиб тайинладим. У талабчанлиги, қаттиққўллиги ва ҳаловати билан энг оғир соҳада ҳам ижобий ўзгаришлар қилишига ишонаман”, — деди давлат раҳбари.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.