Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ДХХнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тадбиркорнинг мулкини ўзлаштирган, ва тадбиркорга ажратилган ер майдонини сотмоқчи бўлган ҳамда бировнинг мулкини қўлга киритган фирибгарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Маълум қилинишича, Хоразм вилоятида тадбиркорга ажратилган ер майдонини сотмоқчи бўлган фирибгар ушланган.

Таъкидланишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Хива шаҳар бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро И.А. “G.“ МЧЖга Урганч тумани ҳудудидан енгил типдаги “Иссиқхона” қуриш учун ажратилган 0,7 гектар ер майдонининг 15 сотихини фуқаро Т.га уй-жой қуриш учун ажратиб беришни ваъда қилиб, олдиндан келишилган 8 400 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Шунингдек, тадбиркорнинг 763 млн сўмлик мулкини ўзлаштирган шахсларнинг кирдикорлари фош бўлди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Чилонзор туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “G” МЧЖ омбор мудири Ҳ.З., ҳайдовчиси Ш.Х. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, ўзига ишониб топширилган 763 млн сўмлик тиббий буюм ҳамда дори воситаларини бошқа шахсларга сотиб юбориб, жамиятнинг мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Самарқанд вилояти Булунғур туманида тадбиркорларнинг мулкини қўлга киритган фирибгарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Булунғур туман бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “A.” МЧЖ раҳбари Э.А. ва фуқаро Х.Х.лар олдиндан тил бириктириб, “Мингчинор” маҳалласида қурилиши режалаштирилаётган замонавий “Эко бозори” ҳамда савдо мажмуаси қурилишига пудратчи сифатида жалб қилинганлигидан фойдаланиб, 4 нафар тадбиркорни алдаб уларга ушбу мажмуадан дўкон олиб бериш эвазига жами 18 000 АҚШ доллари ва 80 млн сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.