“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасанинг собиқ директори Азамат Ҳайдаров оғир ҳасталикка чалиниб вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, 2017 йилдан бугунга қадар Ўзбекистон Маданият вазирлигининг Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази директори лавозимида фаолият юритиб келган сиёсий фанлар номзоди, профессор, “Шуҳрат” медали соҳиби Азамат Ҳайдаров оғир хасталик сабаб бу ёруғ оламни тарк этган.

Ҳайдаров – бир неча йиллар масъулиятли вазифаларда, хусусан, Маданият ишлари вазирлигининг Академик ва халқ бадиий жамоалар бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон давлат консерваториясининг “Малака ошириш” факультети декани, “Сиёсий  фанлар” кафедраси мудири, Маданият ва спорт ишлари вазирининг ўринбосари,  “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бош директори,  Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг Халқ ижодиёти ва маданий-маърифий  ишлар республика илмий-методика маркази директори каби лавозимларида ишлаган.

Соҳа ривожига катта ҳисса қўшган фидойи мутахассис энди орамизда йўқ. Маданият вазирлиги марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради”, – дейилади вазирлик хабарида.

Маълумот ўрнида, Азамат Ҳайдаров 1957 йил 20 май куни Навоий вилоятининг Нурота туманида туғилган. 1980 йил Тошкент давлат Маданият институти, 1996 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мурод Хонтўраев, Олмалиқ собиқ ҳокими вафот этган эди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *