Раҳимов Ғофур Аҳмедович 1951 йил 22 июлда Тошкентда туғилган. У ўз бизнесини сомса сотишдан бошлаган ва “Ғофур сомсапаз” номи билан танилган. 1958 йил – спорт мактаб-интернатида бокс бўйича ўқийди. 1968 йилда муддатли ҳарбий хизматни ўтайди. 1975 йил – Ленинград муҳандислик-иқтисодиёт институти (ҳозирги ИНЖEКОН)да таҳсил олган. Мутахассислиги – муҳандис-иқтисодчи.

Қаерларда фаолият олиб борган?

1975-1986 йиллар – Ўзбекистон ССР Савдо вазирлигида, шу билан бирга “Динамо” спорт клубида бокс бўйича мураббий сифатида ишлаган.

1986-1990 йиллар – Кооперативлар, акционерлик ва кичик корхоналар бирлашмаси жамоат ҳаракатида қатнашган. 1990-1993 йиллар – Европадаги бизнес шериклари билан биргаликда экспорт-импорт компаниясини ташкил этиш билан шуғулланган.

1993-1998 йилларда – Ўзбекистон бокс федерацияси вице-президенти, 1998 йилдан – Халқаро бокс федерацияси (AIBA) Ижроия қўмитаси аъзоси, AIBA ишбилармонлик комиссиясининг раиси, 1999 йил – Осиё Олимпия Кенгашининг Марказий Осиёдаги вице-президенти, 2001 йил – Ўзбекистон МОҚ вице-президенти, 2005 йилда ушбу лавозимга қайта сайланган.

2003 йил – Осиё Олимпия Кенгаши томонидан “Шараф” ордени билан тақдирланган. 2004 йил – “Меҳржон-Спорт” Республика хайрия жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси. 2006 йил – Халқаро бокс федерацияси (AIBA) нинг ижрочи вице-президенти. 2007 йил – Осиё бокс федерациясининг президенти.

2010 йилда AIBA Конгрессида 95 та AIBA аъзосининг овози билан Осиё Бокс Конфедерацияси Президенти лавозимига сайланди. 2018 йил 28 январда Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида Халқаро ҳаваскор бокс федерацияси (AIBA) нинг Конгресси бўлиб ўтди. Конгресс давомида президентлик сайлови ҳам ўтказилди. Президентлик сайловида Ғофур Раҳимов ва Осиё бокс Конфедерацияси раҳбари, қозоғистонлик Серик Конакбаев иштирок этади. Сайловда қатнашган 134 мамлакат вакилларидан 86 нафари Ғофур Раҳимовга ўз овозини берди ва у ғалаба қозонди.

“Наркобарон” дейишга асос борми?

2000 йилги Сидней Олимпиадаси пайтида Австралия ҳукумати Раҳимовни давлатга кириш визасини олиш ҳуқуқидан маҳрум қилган. Австралия Бош вазири ўз мактубида “Раҳимов халқаро гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи гуруҳ билан алоқада бўлганликда гумон қилинмоқда”, деб айтган.

Сочининг 2014 йилги Қишки Олимпия ўйинларига мезбонлик қилишида ҳам Раҳимовнинг “қўли” борлиги собиқ Россия Олимпия Қўмитаси президенти Леонид Тягачёвнинг сўзларидан сўнг бутун дунёга маълум бўлди.

2012 йилда АҚШ Федерал Қидирув Бюроси ўзбек тадбиркорини собиқ СССР мамлакатларидан келган жиноятчиларни ўз ичига олган “Братский круг” яъни “Биродарлик ҳалқаси” жиноий гуруҳи етакчиларидан бири сифатида таъкидлаган.

АҚШ Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида Раҳимов тўғридан-тўғри жиноятчи ва гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланадиган уюшган жиноий гуруҳ раҳбари сифатида тан олинади.

Халқаро олимпия қўмитаси Ғофур Раҳимовга 2018 йилги Ўсмирлар олимпия ўйинларига ташриф буюришни тақиқлаб қўйди. Худди ўша йили Ғофур Раҳимов Around The Rings нашрига интервью берди.

У ўз интервьюсида: “Мени АҚШ Молия вазирлиги санкциялар рўйхатига киритиш бўйича қарор Ўзбекистон собиқ расмийларининг диктатура режими томонидан босими ва репрессиялари оқибатида келиб чиқди. Гулнора Каримова ва унинг атрофидагилар менинг компанияларим уларнинг лойиҳаларини молиялаштириши ҳақида сўрашган, аммо мен рад этганман.

Шунда улар менга босим ўтказа бошлашди, бизнесимни йўқ қилиш мақсадида АҚШ Ғазначилиги департаментига жиноий гуруҳлар билан алоқалар борасида ёлғон маълумот тақдим этишди. Ўша вақтларда Гулнора Каримова мамлакатда катта таъсирга эга эди, шунинг учун 2010 йилда оилам билан ватанимни ўз хавфсизлигим нуқтаи назаридан тарк этишга мажбур бўлдим”, деган эди.

Бироқ, 2020 йилда Вашингтон суди Ўзбекистон фуқароси, Халқаро ҳаваскор бокс ассоциацияси AIBA’нинг собиқ президенти Ғофур Раҳимовнинг талабини рад қилди. Раҳимов АҚШ Молия вазирлигининг уюшган жиноятчилик учун киритилган санкцияларни олиб ташлашни сўраганди. Бу ҳақда АҚШ суд тизимининг электрон маълумотлар базасида эълон қилинган расмий ҳужжатида айтилган.

АҚШ Молия вазирлигига қарашли санкцияларнинг қонунийлиги учун жавоб берувчи Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) 2012 йилда Ғофуровни собиқ иттифоқ фуқаролари ташкил этган “Биродарлик ҳалқаси” халқаро жиноий тармоғи фаолиятига алоқадорликда гумон қилиб, унга нисбатан санкциялар киритган.

Ўз навбатида Раҳимов ушбу қарорни ноқонуний деб атаб, ўзига қўйилаётган айбловларнинг нимага асослангани унга тегишлича маълум қилинмаганини айтган. “Суд даъвогарнинг санкциялар рўйхатига киритилгани асосли бўлгани ва жорий тартибда у бўйича баҳслашиш самарасиз эканлиги ҳақидаги қарорга келди”, дейилган федерал судья Жеймс Босберг қарорида. Ғофур Раҳимов номи рус интернет нашрларида Маршалл Абдул-Рашид Дустум ёрдамида Афғонистондан  Россияга наркотик моддалар етказувчи асосий шахслардан бири сифатида ёзилади.

Бутун бокс оламини алдаган инсондан қутулдик”, – Умар Кремлёв

2019 йилнинг март ойида Швейцариянинг Лозанна шаҳрида Халқаро олимпия қўмитаси(ХОҚ)нинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда бокс спорт турини “Токио-2020” Олимпиада ўйинлари дастурида сақлаб қолиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. ХОҚ  Президенти Томас Бах AIBA'даги бўлаётган ҳолат фақатгини Раҳимов билан боғлиқ эмаслигини таъкидлаган.

ХОҚ 2018 йил 30 ноябрь куни бўлажак Олимпиада ўйинларида бокс турнирини ўтказиш режаларини “музлатиб” қўйган эди.

Бу Ғофур Раҳимовнинг AIBA президенти этиб сайланишига жавобан қилинган эди. Буни ХОҚ Ғофур Раҳимов АҚШ молия вазирлиги санкциялари қўлланиладиган шахслар рўйхатига киритилгани билан изоҳлаган. Дастлаб, Ғофур Раҳимов Халқаро олимпия қўмитасининг истеъфога чиқиш талабини рад этган. Сайланганидан бир неча ой ўтиб, Ғофур Раҳимов расман истеъфо берганини маълум қилади.

2018 йил 16 сентябрда Inside the games порталида Халқаро олимпия қўмитасининг этика ва талабларга риоя қилиш масалалари бўйича директори Пакеретт Жирар Запеллининг Ғофур Раҳимовга мурожаати эълон қилинган эди. Мурожаатда Запелли Ғофур Раҳимовни AIBA президенти лавозимидан истеъфо беришга ва ўз номзодини бир неча ойдан сўнг ўтадиган сайловда ташкилот президентлигига кўрсатмасликка чақирган.

Запеллининг ёзишича, Ғофур Раҳимов истеъфо бермаса, Токиода 2020 йилда ўтадиган Олимпиадада бокс ўйинлар дастуридан чиқарилиши мумкинлиги айтилган.

АҚШ Молия вазирлиги Ғафур Раҳимовни уюшган халқаро жиноий гуруҳ етакчиларига қарши жорий қилган санкциялари рўйхатига киритганлиги унинг AIBA президентлиги лавозимидан истеъфо беришида муҳим омил бўлди.

“Бугун биз бирлашиб, жиддий қарорни қабул қилдик – қарзларни ёпиши ва ХОҚ билан тил топиша олишини айтиб, бутун бокс оламини алдаган инсондан қутулдик.

Ғофур Раҳимов AIBA'ни банкротлик ёқасига келтириб қўйди. У бутун бокс жамоатчилигидан узр сўраши керак. Бугун у қайта олмаслиги учун Низомдан тегишли бандни чиқариб ташладик!” – деган эди AIBA Ижроқўми аъзоси, Россия бокс федерацияси бош котиби Умар Кремлёв.

Ғалати воқеалар 

Раҳимов Ўзбекистонни 2010 йилда тарк этган эди. 2013 йилнинг 6 февралида Ғофур Раҳимовга товламачилик, жиноий фаолиятда олинган даромадларни легаллаштириш ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланиб, у ва аёли Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилган.

2018 йил июнда Ғофур Раҳимов ҳамда хотини қидирувга берганлиги тўғрисида ИИВ расмий сайтида маълумот эълон қилинган. Унга кўра,  Раҳимов Ғофур-Арслонбек Аҳмедович Ўзбекистон Жиноят Kодексининг 165-моддаси 3-қисми а-банди (товламачилик), 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 228-моддаси 3-қисмида (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланиб қидирилаётгани айтилган.

Шунингдек, унинг турмуш ўртоғи Лола Раҳимова ҳам қидирувга берилгани маълум бўлди. ИИВ маълумотига кўра, 1967 йил 24 июнда туғилган Раҳимова Лола Жаббаровна Ўзбекистон Республикаси Жиноят Kодексининг 165-моддаси 3-қисми а-банди (товламачилик), 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 228-моддаси 3-қисмида (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланиб қидирувга берилган.

Аммо орадан бироз вақт ўтганидан кейин, негадир Раҳимов ва аёли Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг қидирилаётганлар рўйхатидан чиқарилди. Яъни ИИВнинг янгиланган рўйхатида тадбиркор Ғофур Раҳимов ва унинг рафиқаси Лола Раҳимова топилмади.

Раҳимов 1998 йилдан буён AIBA ижроқўми аъзоси ҳисобланади. 2002 йилда ушбу ташкилот вице-президенти, 2006 йилдан ижрочи вице-президенти лавозимида фаолият олиб борган. 2010 йилда у Осиё бокс конфедерацияси президенти этиб сайланган.

2018 йилнинг 12 июль куни Ғофур Раҳимовга қидирув тўхтатилган ва унинг Ўзбекистонга қайтишига ҳуқуқий изн берилган. 2018 йил 27 июль куни Раҳимов Тошкентга келган.

У ўз вақтида Индонезияда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида МОҚ раиси Умид Аҳмаджонов билан бирга ўзбек боксчилари жангларини, шунингдек, футбол баҳсини ҳам тўғридан-тўғри томоша қилган.

Ўша вақт (2018 йил)да ўзбекистонлик боксчилари  5 та олтин, 2 та кумуш медалини қўлга киритган. Ўзбекистонлик машҳур чармқўлқоп усталаридан айримлари БААга сафарлари давомида   Ғофур Раҳимов хонадонига ташриф буюриб, у билан учрашиб туришади.

Фото: Шаҳрам Ғиёсовнинг Instagram саҳифасидан олинди

Қуйида Индонезиядаги Осиё ўйинларида катта ютуқларга эришган Ўзбекистонлик спортчиларнинг кутиб олиниши фотоларда акс этган…

“Ғофур”ни фирибгар алдади, ёҳуд “ўғри қароқчини тунади”ми?

Суд Ойбек Миралиевнинг қамоқ муддатини узайтирди. У тадбиркор Ғофур Раҳимовнинг хотини Лола Рахимова иддаосига кўра, алдов йўли билан 200 минг долларни ўзлаштириб олган.

Маълумотларга кўра, паррандачилик бизнесининг асосий иштирокчиларидан бири бўлмиш Ойбек Миралиев Ғофур Раҳимовнинг мулкини тортиб олиш учун бир гуруҳ шахслар билан фитна уюштирган. Нуфузли тадбиркорнинг ишончига кириб, у мулкни бир неча киши номига расмийлаштиради, сўнг уйни 590 минг долларга сотиб юбориб, асл эгасига бир чақаям тўламай, бўлинган пулдан қолган улушни шахсий эҳтиёжларига сарфлайди.

Фото: Ойбек Миралиев Ғофур Раҳимовнинг чап ёнида

Бундан ташқари, тадбиркорнинг рафиқаси Лола Раҳимовага хусусий компанияга тегишли бўлган бошқа бир уйни сотишга ваъда бериб, аввал тўловни икки марта кичик қисмлар билан тўлаб, кейин уйни 1,7 миллион долларга сотиб юборган ва 200 минг долларни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаган.

У 2019 йил сентябрь ойида ҳибсга олинди: ҳибсга олиш муддати декабр ойининг охирида тугаши керак эди, аммо суд даъвогарнинг баёноти билан ҳибсни беш ой, яъни 2020 йил 23 февралгача узайтирди. Ойбекнинг адвокати Ёқутхон Худоëрова ака-укага қарши иш тўлалигича “сфабрикованний” (уйдирма) эканини иддао қилди. Адвокат Худоëровага кўра¸ манфаатдор доиралар “Ойбекни қаматиш йўли билан унга тегишли кўчмас мулклар, ширкатларни ўзлаштириб олишмоқчи” – эканлиги айтилган.

Яна бир ҳодиса, 2020 йил март ойида Ғофур Раҳимовнинг Тошкентдаги ҳовлисига “Молотов коктейли” отилди. Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 14 март кунига ўтар кечаси, соат 3.00 атрофида номаълум шахслар Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек туманидаги ҳовлига ёнилғи тўлдирилган шиша – “Молотов коктейли”ни отган.

Аниқланишича, ҳодиса юз берган жойдан ёнилғи қуйилиб, пилик ўрнатилган яна 3 та шиша топилган. Ҳужум оқибатида кичик ëнғин келиб чиққан ва ҳовли қоровулига тегишли “Матиз” русумли автомобиль қисман шикастланган. Мазкур ҳовлида Ғофур Раҳимов ва унинг хотини Лола Раҳимова истиқомат қилган.

Ҳолат юзасидан ИИБ ҳозирча жиноий иш очмаган, чунки, Ғофур Раҳимовнинг турмуш ўртоғи Лола Раҳимова Мирзо Улуғбек тумани ИИБга ёзган аризасида ҳолатни бошқача тушунтирган. Яъни аризада “уйимизга ўғри тушди” деб ëзилиб, “Молотов коктейли” ҳақида гап бормаган.

Маълумот учун, Ғофур Раҳимов ва Лола Раҳимовалар 2020 йил 13 март куни Дубай шаҳрига (БАА) учиб кетаëтганида Лола Раҳимова Тошкент халқаро аэропортидан чиқарилмаган. Аммо ўша куни Ғофур Раҳимов Ўзбекистондан чиқиб кетган. Шундан буён, Ўзбекистон ҳудудига қайта оёқ босмаган. Раҳимовнинг рафиқаси айни вақтда қаерда экани ОАВга маълум эмас.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *