Муаллиф: Аброр Эшонхонов

Ўзбекистон ММА ассоциацияси вице-президенти Мурод Хонтўраев 19 июль куни автоҳалокатга учраб вафот этди.

19 июль куни соат 11:30 ларда, Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани ҳудудидан ўтувчи 4R-12 автомобиль йўлининг 68-километрида бир йўналишда ҳаракатланиб кетаётган  “Lacetti” ҳамда “BMW X5” русумли автомобиллар иштирокида тўқнашув содир бўлган. Тўқнашув оқибатида “BMW X5” русумли автомобиль йўлдан чиқиб кетиб ағдарилган.

ФОТО: EFFECT.UZ

Натижада, “BMW X5” русумли автомобиль ҳайдовчиси, 34 ёшли Мурод Хонтўраев воқеа жойида вафот этган ва ушбу автомобиль йўловчиси бўлган Жасурбек Анорбоев тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган.

Ўзбекистон Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси доимо мамлакат ҳудудида содир бўладиган ЙТҲлар ҳақида батафсил маълумот бериб келар эди ва қисман бўлсада ҳайдовчилар ҳақида маълумот берар эди. Бу сафар улар ЙТҲ иштирокчилари шахсини сир сақлашга қарор қилди.

ЙХҲББ Паркентда бўлган воқеа тўғрисида берган маълумоти

 

ЙҲХББ маълумоти

Ушбу фожиали воқеада улар фақатгина Мурод Хонтўраев вафот этгани ҳақида маълумот беришди, Жасурбек Анорбоевни эса шунчаки “йўловчи” сифатида таърифлаб кетишди.

ЙТҲнинг юзага келишига сабабчи бўлган “Lacetti Gentra” ҳайдовчиси орқа фонда қолиб кетди. Албатта у машинада ҳам мавқеи ва лавозими қандай бўлишидан қатъий назар инсон бўлган. Энг қизиқарли томони “Lacetti Gentra” машинасида нечи киши бўлганлиги ҳақида ҳам маълумотлар берилмаган.

Яна бир қизиқ факт шунда-ки, ижтимоий тармоқларда Мурод Хонтўраевнинг ўлимига оид турли хабарлар тарқалди. Ушбу воқеадан олдин унинг Бўстонлиқ туманидаги “Арбат” дам олиш масканида айрим “боллар”га пистолет тираб, уларни “духи”га ўтиргизгани ва шу яқин ўртадаги дўконларнинг биридан спиртли ичимлик олиб, пулини тўламасдан чиқиб кетгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Шу куннинг ўзида ушбу ёлғон хабарни тарқатган йигит ижтимоий тармоқлар орқали чиқиш қилиб, барчадан узр сўради.

Мен ўша Telegram гуруҳида овозли хабар тарқатган йигитман. Бу овозли хабарни ўртоқларим орасидаги гуруҳга ташлаган эдим. Кейинчалик бу кўплаб каналларга тарқалиб кетди. Мен барчадан минг маротаба узр сўрайман. Мурод акам бунақа ишлар қилади деб ўйламасдим, уша ерда эшитган гапларимни овозли хабар қилиб ташлаган эдим. Аллоҳ жойларини жаннатдан қилсин”, – дейди хабар тарқатган бола

Қолаверса, 19 июль куни дўкон сотувчиси ҳам Мурод Хонтўраев нима ҳарид қилганини айтди ва бот-бот ММА жангчиси маст эмаслигини айтди ва унинг машинасига салқин ичимликар ва оддий сув олиб берганини маълум қилди.

“Миш-мишларга ишонманглар ҳаммаси ёлғон. Мен ҳаммасини рост гапиряпман”, – деди дўкончи.

Воқеа кунидан икки кун ўтгач, аҳволи ўрта-оғир деб баҳоланаётган Мурод Хонтўраевнинг шогирди ҳолатни тасвирлаб берди.

Тўғриси, шифохонага олиб келишганини умуман эслай олмайман. Эсимда йўқ. Ҳаммаси тез бўлиб кетди. Aкам [Мурод Хонтўраев] ва мен йўлда келаётгандик. Одам барибир таниган инсонига ишонади-да. Машинада тоғга бораётганимизда қандай ишонган бўлсам, қайтаётганда ҳам шундай ишониб, бемалол, хотиржам телефонимни ўйнаб келаётгандим.

Нимадир бўлди, шундай олдимга қарадим, “Lacetti” бизни қисиб қўйди. Давлат рақами ва белгиси эсимда йўқ, лекин “Lacetti” эди. Биз ўз йўлимизда “ как положение” кетаётгандик, у бизни қисиб қўйди. Уёғини эслай олмайман. Кейин кўзимни очганимда, тепамда шифокорлар турганди. Бошимни эса тикишаётганди. Мана, кеча ўзимга келдим ва ҳаммасини эсладим. Аллоҳнинг ўзи сақлаб, мени тирик қолдирди. Aкамнинг жойи жаннатда бўлсин. Охиратлари обод бўлсин”, – деди Анорбоев.

Шундан сўнг, ижтимоий тармоқларда журналист айнан “Lacetti Gentra” ҳайдовчиси билан кўришиш мақсадида борганда уни палатага киритишмади ва маълумотлар тақдим қилинмади.

Effect.uz Ахборот агентлиги барчада бирдек шубҳа уйғотаётган воқеалар тўғрисида Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов билан боғланди.

 

ФОТО: Шоҳрух Ғиёсов

Ғиёсов ўз навбатида бу иш бўйича ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилаётганлигини ва суриштирув тугамагунча ҳеч қандай маълумот берилмаслигини маълум қилди. Шунингдек, у нега ўша автоҳалокатда фақатгина Мурод Хонтўраевнинг шахси очиқланганлигига изоҳ берди.

Суд экспертиза хулосаси журналистга тақдим қилинмайди, у ҳуқуқий баҳо берилиши учун берилади. Тегишли маълумотлар тергов ҳаракати якунлангандан кейингина берилади.

Шифохонага борган журналист масаласига келсак, биринчидан у журналистик этикани бузяпти. Уни у ерга киришга ҳаққи йўқ, камига ҳозир карантин бўлса.

Ўзи журналистни жавобгарликка тортиш керак. “Журналистман ман ҳамма жойга киришим керак” деб ўйлайди, лекин ахборот олиш тартиби бор, ахборот олишдан аввал сўров бериш керак”, – дейди Ғиёсов.

ИИВ ахборот хизмати раҳбари Мурод Хонтўраевнинг машинаси билан тўқнашган “Lacetti Gentra” ҳайдовчиси ҳақида маълумот беришни истамади ва ЙХҲБ ҳеч қачон ҳайдовчиларни йили ва шахси ҳақида ЙҲХББ ўзининг янгиликларида ҳайдовчиларнинг шахси тўғрисида қисқа маълумот бериб келишини рад қилди.

Инсонни шаъни бор, қадр-қиммати бор бунақа маълумот ҳеч қачон берилмайди. Одамлар нотўғри талқин қилмасликлари учун Мурод Хонтўраев ҳақида маълумот берилди. Бўлмаса берилмас эди. У ерда қолганларни шахсини бериш мажбурияти йўқ, агарда воқеа иштирокчиси ўзи розилик бермаса маълумот бермаймиз. Бу бизларнинг хоҳишимизга боғлиқ эмас”, – деб қўшимча қилди.

Шунингдек, Шоҳрух Ғиёсов ижтимоий тармоқларда “Мурод Хонтўраевнинг ўлими уюштирилган” деб тарқалаётган миш-мишларга изоҳ  берди.

 

Фойдаланувчилар орасида воқеа уюштирилганлиги тўғрисида гап-сўзлар бир фоизга тенг, буни баъзи ҳуқуқий маданияти паст одамлар гапириб ётибди. Ҳақиқатдан ҳам йўл транспорт ҳодисаси рўй берган. Ҳар бир қатнашчиларнинг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилади ва кейинчалик жамоатчиликка тақдим қилинади. Олдиндан воқеани нотўғри талқинда беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, – дейди Ғиёсов.

Эслатиб ўтамиз, яқинда 34 ёшни қаршилаган Мурод Хонтўраев 19 июль куни “Ялонғоч-2” қабристонига дафн қилинди.

Мавзуга оид:

Мурод Хонтўраев автоҳалокатга учраб вафот этди – видео

Ўзбекистон Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси автоҳалокат ҳақида қўшимча маълумот берди.

Мурод Хонтўраев арафа кунида ҳалок бўлди. У Отабек Умаров ишонганлардан бири эди…

Маҳмуд Муродов Хонтўраевнинг оиласига ҳамдардлик билдирди

«Ҳаммадан узр сўрайман» – Мурод Хонтўраевнинг таъсирли сўзлари…

Мурод Хонтўраев сўнгги манзилга кузатилди. Дафн маросимига 1000 дан ортиқ одам келган

ЖОНЛИ ЭФИР: МУРОД ХОНТЎРАЕВ СЎНГГИ МАНЗИЛГА КУЗАТИЛДИ. ОТАБЕК УМАРОВ ТАЪЗИЯ БИЛДИРДИ

Мурод Хонтўраев дўкондан нима сотиб олгани маълум бўлди

“Арбат”даги воқеа ёхуд Мурод Хонтўраев билан боғлиқ миш-мишларга ойдинлик киритилди (видео)

Нон ташувчиликдан чемпионликкача – Мурод Хонтўраевнинг ҳаёт йўли

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *