Тошкентда фуқаро ИИВ Академияси қошидаги сержантлар тайёрлаш мактабига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 13 минг АҚШ доллари талаб қилади. Шунингдек, “Агробанк”нинг Сардоба туман филиали иш ўрганувчиси ушбу кредитни олиб бериш эвазига 24 млн. сўм талаб қилиб, шундан 2 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

Тошкент вилоятининг Чиноз туманида қурилиш фирмаси вакилига ушбу ҳудуддаги кўпқаватли уйларда умумий қиймати 5 млрд сўмлик қурилиш-монтаж ишларини олиб бериш эвазига ундан 25 минг АҚШ доллар талаб қилган фуқаролар қўлга олинди. Бу ҳақда Effect.uz сайтига ДХХ матбуот хизмати вакили хабар берди.

 

ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси, вилоят прокуратураси ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент вилоятида 1973 йил Фарғона вилоятида туғилган шахс ва 1978 йил Қашқадарё вилоятида туғилган фуқаро Чиноз туманидаги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларидан бирининг раҳбари бўлиб ишловчи 1975 й.т. аёл ҳамда муқаддам хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари тизимида фаолият юритган 1972 й.т. аёл билан келишган ҳолда, қурилиш фирмаси вакилига ушбу ҳудуддаги кўпқаватли уйларда умумий қиймати 5 млрд сўмлик қурилиш-монтаж ишларини олиб бериш эвазига ундан 25 минг АҚШ доллари талаб қилган. Ўтказилган тезкор тадбир давомида улар аванс сифатида 10 минг доллар олган вақтларида ушланган.

Шунингдек, Тошкент вилоятида яшовчи, муқаддам ички ишлар идораларида ишлаган шахс жиноий шериги билан келишган ҳолда ўзганинг ишончига кириб, унинг пул маблағини ўзлаштиришни режа қилади.

У ички ишлар органларидаги мансабдор танишлари орқали Тошкент шаҳрида яшовчи фуқарони ИИВ Академияси қошидаги сержантлар тайёрлаш мактабига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 13 минг АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг шаҳар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирида фирибгарлар сўралган пулдан 6 минг АҚШ долларини олган вақтларида ушланди.

Бундан ташқари, Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида истиқомат қилувчи фуқаро автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шаҳобчасини ташкил қилиш мақсадида “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида 240 млн. сўм кредит олиш учун “Агробанк”нинг туман филиалига мурожаат қилади. Бироқ банк ходимлари турли важлар билан унга кредит ажратишни кечиктириб келади.

ДХХ ва Департаментнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Агробанк”нинг Сардоба туман филиали иш ўрганувчиси ушбу кредитни олиб бериш эвазига 24 млн. сўм талаб қилиб, шундан 2 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қисмларидан бирида капитал таъмирлаш ишларини олиб бериш эвазига 30 минг АҚШ доллар сўраган фирибгарлик ҳолатини фош этганди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.