Аввалроқ ижтимоий тармоқларда коронавирус инфекцияси кенг тарқалаётгани сабаб ҳудудлар яна ёпилиши борасида хабарлар тарқалди.

Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Ўринбоева мазкур хабар борасида жамоатчиликка кенг маълумот берди.

“Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида 2 ҳафта давомида кечки соат 20:00 дан эрталаб соат 08:00 гача кўчада юриш тақиқланиши мумкинлиги тўғрисида турли асоссиз хабарлар тарқалмоқда. Мазкур хабар ёлғон ва ҳақиқатга мос келмайди”, дейди Ўринбоева.

Эслатиб ўтамиз, аҳоли ўртасида ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик мавжуд. Ёлғон хабарлар тарқалишининг олдини олиш ва уни тарқатган шахсларни жавобгарликка тортиш мақсадида қонун билан жавобгарлик белгиланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, ОАВ, телекоммуникация тармоқлари ёки интернетда тарқатиш БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача (12,5 миллиондан 24,5 миллион сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексига мувофиқ, маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам ушбу хатти-ҳаракатлар такрор содир этилса, БҲМнинг 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Шунингдек, Севара Ўринбоева карантин чоралари кучайтирилиши билан баъзи дорихоналарда нархлар сезиларли ошгани тўғрисида саволга жавоб бериб, бу каби ҳолат савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш ҳисобланишини таъкидлаган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *