Маълумки, Тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибодуллаев вакцина ҳақида айрим фикрларни билдириб ўтган эди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Тошкент Асаб ва руҳият илмий-тиббий маркази директори, профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг ижтимоий тармоқларда тарқаган видео мурожаати юзасидан баёнот берди.

Баёнотда қайд этилишича, Зарифбой Ибодуллаевнинг ижтимоий тармоқларда тарқаган видео мурожаатида юртимизда амалга оширилаётган оммавий вакцинация жараёнларида қўлланилаётган Ўзбекистон-Хитой ҳаммуаллифлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг яратилиш босқичлари ҳақида маълумотлар йўқлигини айтиб, ушбу вакцинанинг қўлланилишининг мақсадга мувофиқлигини шубҳа остига олади.

З. Ибодуллаевнинг эътирозлари ноўрин ва ҳақиқатга умуман тўғри келмаслиги айтилган хабарда , Шунингдек, у томонидан тарқатилган видео материаллар Ўзбекистонда амалга оширилаётган оммавий вакцинация жараёнида аҳолини чалғитишга хизмат қилаётгани эслатиб ўтилган.

«Профессор Ибодуллаев илмий журналлардаги маълумотларни ўрганмай, мазкур вакцина ҳақида ҳеч қаерда маълумотлар берилмаган деб халқимизнинг кўнглига ғулғула солмоқда», дейилади баёнотда.

Вазирлик томонидан бир қатор маълумотлар ҳам тақдим этилган. 2020 йилнинг август ойида Ўзбекистон-Хитой ўртасида вакцина хариди бўйича музокаралар ўтказилди.

2020 йил 19 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илғор технологиялар маркази томонидан сифат назорати текширувларини ўтказиш учун тақдим қилинган вакцина, плацебо намуналари ва тегишли стандартлар ҳамда реагентлар Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Давлат маркази томонидан қабул қилинди.

2020 йил 10 декабрь куни Ўзбекистонда коронавирусга қарши рекомбинант вакцинанинг учинчи синов босқичига старт берилди.

2021 йил февралда Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd компанияси коронавирусга қарши вакцинани яратишда Ўзбекистоннинг ҳиссаси ва cаъй-ҳаракатларини инобатга олиб, ZF 2001 вакцинани бирга яратган ҳаммуаллиф мамлакат сифатида белгилади. Ушбу янги вакцинани ZF-UZ-VAC2001 номи билан биргаликда ишлаб чиқариш ва фойдаланилишга келишилгани билдирилди.

1 март куни Ўзбекистонда коронавирусга қарши илк вакцина давлат рўйхатидан ўтказилди. Рўйхат рақами – DV/X 08646/03/21.

Бундан ташқари қуйидаги саволларга ҳам вазирлик томонидан жавоб берилган:

− Плацебо назоратли тадқиқотлар ўтказилдими?

− 2020 йил 19 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илғор технологиялар маркази томонидан сифат назорати текширувларини ўтказиш учун тақдим қилинган вакцина, плацебо намуналари ва тегишли стандартлар ҳамда реагентлар Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Давлат маркази томонидан қабул қилинди. 2020 йил 10 декабрь куни Ўзбекистонда коронавирусга қарши рекомбинант вакцинанинг учинчи синов босқичи бошланди ва тадқиқот ишлари давом этмоқда. Ўз навбатида ҳозирда жаҳонда мавжуд барча вакциналарнинг 3-босқич синовлари давом этмоқда.

− Вакцина коронавируснинг қайси штаммларига қарши таъсир қилади?

Тадқиқотлар ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси Cовид-19 вирусининг айни вақтда дунёда тарқалган африканча (501Y.V2) ва британча (D614G) вариантларидан ҳимоя қила олишини тасдиқламоқда. Ҳозирда олимлар Ҳиндистондан тарқалган дельта-вариант устида ҳам тадқиқотлар олиб бормоқдалар. Лаборатория текширувлари вакцинацияланган одам зардоби ҳам, ҳайвонлар зардоби ҳам дельта вариантга қарши ҳимояланганини намоён этган. Айни пайтда маълумотлар таснифланмоқда ва мақола яқин кунларда чоп этилиши кутилмоқда.

− Ўзбекистондан ташқари қайси давлатда мазкур вакцина билан неча киши эмланди?

− ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан Хитойда ҳозирда 100 миллион аҳоли эмланган.

Нима учун Ўзбекистон ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг ҳаммуаллифи ҳисобланади?

− Коронавирус пандемияси эълон қилинганидан сўнг 2020 йилнинг март ойидан Инновацион ривожланиш вазирлиги очиқламаслик шарти билан Хитой Фанлар академияси ва Анҳуи ЗҳифеиЛонгcом Биопҳармаcэутиcал компанияси томонидан яратилаётган рекомбинант оқсил вакцинаси бўйича тадқиқотларида иштирок этди. Шу боис ҳам мазкур вакцинанинг 3-босқич тадқиқотлари Ўзбекистонда ўтказиш келишувига эришилган эди. 3-босқич клиник синовларининг ўзи катта тадқиқот саналади. Бу тадқиқотларда Ўзбекистон томонидан 100 дан ортиқ олимлар ва шифокорлар иштирок этган. Ушбу клиник синов тадқиқотлари ўта мураккаб илмий жараён бўлиб, унда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талабларига тўлиқ риоя этиш талаб этилади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *