Наманганда кўприк созлаш ишлари сабаб ҳаракат вақтинча чекланди, дея хабар бермоқда Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, об-ҳаво ўзгариб, ёмгир ёғиши натижасида Косонсой тумани томонидан сел тошқини келиб, Наманган шаҳар ҳудудидан ўтган 4Р-117 “Тўрақўрғон-Наманган-Чортоқ” автомобиль йўлининг 15-километрида жойлашган кўприкка зарар етганлиги сабаб созлаш ишлари олиб борилиши муносабати билан ҳаракат тўлиқ чекланган.

Шунингдек, 4Р-112 “Фарғона халқа йўли” автомобиль йўлининг 73-километрида жойлашган “Ташлама” кўпригига зарар етганлиги сабаб созлаш ишлари олиб борилиши муносабати билан ҳаракат қисман (бир томонлама ташкил этилган) чекланган.

“Барча ҳайдовчилардан тартибга солувчиларнинг ишораларига, йўл белгиларига риоя қилиб, тирбандликларни олдини олиш мақсадида вақтинча айланма йўллардан фойдаланишларини  сўраймиз”, дейилади ЙҲХББ хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси кучли ёмғир ва сел келиши муносабати билан аҳолини огоҳлантирганди.

Маълумот учун, 20 июль куни Ўзбекистоннинг Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятининг турли туманларида кучли ёмғир ёғди. Бу сафар сел кўчаларга тошди, машиналарни оқизиб юборди ва уйларни ичигача кириб борди.

13 июль куни эса Косонсой туманида содир бўлган сел оқибатларида 9 нафар фуқаро бевақт ҳалок бўлган. Шундан сўнг Косонсой туманидаги ўтган барча сой соҳилларидан ноқонуний қурилган бино ва қурилмалар буздирилиши маълум қилинган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *